Тақдирга тааллуқли Саволлар

Қазои қадарнинг маъноси нима?

Қазо ва қадарга ишониш иймон рукнларидан бир рукндир. Аллоҳ таоло деди: «Ва У барча нарсани яратиб (аниқ) ўлчов билан ўлчаб қўйган Зотдир” (Фурқон, 2).

Қазо ва қадар дегани, Аллоҳнинг барча нарсаларнинг тақдирларини уларни яратишдан олдин билиши, уларни ёзиши, хоҳлаши ва яратишидир.

          Аллоҳ ҳали бўлмаган нарсаларни қандай билади?

Болага содда ҳиссий бир мисол айтиб бериш мумкин: электрон ўйиннинг дастурини ёзган киши ўйинчи нима қила олишини қилишидан олдин билади. Чунки уни ёзган ва ўйиндаги катта ва кичик ҳар бир вазифани белгилаб қўйган удир. У ушбу ўйиннинг имкониятлари ва қайси соҳаларда ҳаракатланишинг мумкинлиги ҳақида тўлиқ ва кенг қамровли маълумотга эга. Бу нарсаларга қодир бўлган инсонни яратган Аллоҳдир. Албатта, Аллоҳ қудрати чексиз, илми кенг ва яратишда мукаммал зотдир. У халқларини яратишдан олдин, яратиш асносида ва яратишдан кейинги ҳар бир нарсасини жуда яхши билади. Инсонни, замон ва маконни яратган Аллоҳдир. Аллоҳ таоло бўлган нарсани, бўладиган нарсани ва бўладиган нарса бўлишидан олдин нима бўлишини билади.

          Биз мажбурий бошқариламизми? Инсонга ишларида ихтиёр берилганми?

Инсонга баъзи нарсаларда ихтиёр берилган бўлса, баъзиларида ихтиёр берилмаган. Туғилиш, ўлиш, қанча яшаш, ота-онамиз ва қариндош-уруғимиз кимлар бўлишида бизга ихтиёр берилмаган. Намоз ўқиш ёки ўқимаслик, мўмин ёки кофир бўлишни танлашимизда ихтиёр берилган. Лекин бу ихтиёримиз ҳам Аллоҳнинг хоҳиш доирасига киради. Яъни, Аллоҳ таоло бизни бир нарсани қилишимиз ёки тарк этишимиздан тўсмоқчи бўлса, тўсган бўларди. Лекин Аллоҳ, инсоннинг танлашини ва бу ихтиёрига яраша ҳисоб қилишни ҳукм қилди. Қуйидаги ояти карима мана шу ҳақда сўз юритади: «Сизлар фақат бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ хоҳласагина (Тўғри йўлда бўлишни) хоҳларсизлар” (Таквир, 29).

Болага ихтиёр ва ихтиёрсизлик масаласини илмий йўл билан изоҳлаб бериш мумкин. Масалан, тарбиячи шиша стакан олиб келиб, болага: «Шу стаканни ерга уриб синдира оласанми?», дейди. У: «Ҳа, албатта», деб жавоб беради. Тарбиячи савол беришда давом этади: «Хўш, нимага синдирмаяпсан?». Бола: «Бу нотўғри, бундай қилинмайди», деб жавоб беради. Тарбиячи шу ҳолатга боғлаб айтади: «Албатта, Аллоҳ таоло азалдан сенинг бу стаканни синдирмаслигингни билган, чунки сен яхши боласан. Шунингдек, ёмон боланинг бу стаканни синдиришини ҳам азалдан билган. Бу стаканни ерга отишингдан сени кимдир тўхтатдими? Ёки ёмон болани стаканни синдиришга кимдир мажбурладими? Ҳидоят ва залолат ҳам шундай бўлади». Сўнг болага: «Албатта, инсон Аллоҳ унга нимани ёзганини билмайди ва сендан тақдирингга нима ёзилганини билишинг талаб қилинмаган, балки сендан Аллоҳ таолонинг илми шомил ва комил эканига, шунга биноан тақдирлар ёзилганига иймон келтиришинг талаб қилинган. Сен хоҳлашинг, Аллоҳнинг буйруқларига риоя қилишинг, қайтарган нарсаларини тарк этишингдан жавобгарсан. Ва булар сенинг қудратинг ва ироданг доирасидадир», дейилади.

          Нимага Аллоҳ баъзи инсонларга ҳидоят берган, баъзиларига бермаган?

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло барча инсонларни ҳидоятга йўллаган. Бу ҳақда шундай дейди: «Ва Биз уни икки баландликка (яъни, яхшилик ёки ёмонлик довонларини ошиб ўтишга) йўллаб қўйдик-ку!» (Балад, 10).

Бу ҳидоятнинг маъноси шундай: Аллоҳ инсонларга тўғри йўлни кўсатди ва очиқлади, ҳатто ҳақ ҳам, ботил ҳам очиқ-равшан бўлди. Аллоҳ таоло инсонларга танлаш эркинлигини берди, натижада, кимдир тўғри йўлни танлади ва кимдир залолат йўлини танлади.

          Модомики, Аллоҳ таоло биздан кимларнинг хато қилиши ва адашишини азалдан ёзиб қўйган экан, нимага бизни азоблайди?

Бу илм илоҳий бир илмдир, башариятда бу ҳақда ҳеч қандай маълумот йўқ. Уларда фақат гумонлар, хаёллар ва жаҳолат бор холос. Шундай экан, инсон дунё ҳаётида қилган ишига кўра ҳисоб беради. Инсон Аллоҳнинг унга ёзганини то бир ишни қилиб, тугатмагунча ҳеч қачон билолмайди. Демак, ёзиб қўйилган тақдир тугаб битган, тамомланган ишга ҳужжат бўлади, келажакка эмас. Болага яна шуни айтиш мумкин: «Аллоҳ таоло сен учун дунё ишларини ҳам ёзганку, нимага унда ўзингга фойдали ишларни қиласан ва зарарли ишларни қилмайсан?!». Бир мисол келтирайлик: «Инсон бир ўлкага сафар қилмоқчи бўлса, унга иккита йўлдан бориш мумкин бўлиб, бири хавфсиз, наригиси хатарли бўлса, қайси йўлни танлайди?». Бола: «Албатта, бехатарини танлайди», деб жавоб беради. «Охиратга бўлган йўл ҳам шунга ўхшайди, инсон жаннатга олиб борадиган бехатар йўлни танлаши керак. Бу йўл Аллоҳнинг буйруқларига риоя қилиш ва қайтариқлардан узоқ туриш йўлидир». Агар тақдир ҳужжат бўлганда эди, жиноятчиларни ушлай олмаган бўлардик, чунки улар қилган ишларига тақдирни рўкач қилган бўлардилар. Шу сабабли инсонга вожиб бўлган нарса, Аллоҳ таолога бўйсуниш ва рози бўлишдир. Зеро, Аллоҳ «Ўзи қиладиган бирон нарса ҳақида масъул бўлмас, улар (яъни, бандалар эса қиладиган ҳар бир иш-амаллари хусусида) масъул бўлурлар» (Анбиё, 23).

Демак, яратиш ҳам, фармон ҳам Унингдир, субҳонаҳу ва таоло.

          Аллоҳ бизни нимага яратди? Борлиқнинг асли нима? Нимага ҳайвонларни яратди?

Аллоҳ таоло: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим», деди (Зориёт, 56). Дараҳақиқат, Аллоҳ таоло бизни битта мақсад учун – Аллоҳгагина қуллик қилишимиз учун яратди. Охиратдаги оқибатларни амалларга мувофиқ қилди, бас, яхшиларга жаннат, ёмонларга дўзах бўлади. Бу борлиқнинг ҳаммаси Аллоҳнинг махлуқотидир. Бу коинот жуда пухта ва илм билан яратилган. Осмонлар ва Ернинг яратилиши, юлдузларнинг аломат, оят ва безак қилингани, қуёшнинг яратилиши, унинг бизга иссиқлик ва нур бериши, ўсимликларининг ўсиши ва микробларнинг ўлишидаги ҳиссаси, ҳайвонларнинг инсонга бўйсиндирилган ҳолда яратилгани, инсон уларни миниши, гўшти ва сутини ейиши, жуда нозик ва пухта илм билан яратилган. Аллоҳ таоло деди: «У зот яна сизлар минишингиз учун зийнат қилиб отлар, хачирлар ва эшакларни (яратди). Яна сизлар (ҳали) билмайдиган нарсаларни ҳам яратур” (Наҳл, 8). Ернинг яшаш учун тайёрланганига қарагин, буларнинг ҳаммаси инсон яратилишидан олдин яратилган. Булар инсоннинг ҳурматини жойига қўйиш ҳисобланади. Шунингдек, бу мавжудотнинг ҳаммаси Аллоҳ таолога ҳамд ва тасбеҳ айтади, ҳар бири ўзича Аллоҳга ибодат қилади. Бу ҳақда Аллоҳ шундай дейди: «Мавжуд бўлган барча нарса ҳамду сано айтиш билан У зотни поклар. Лекин сизлар (эй инсонлар), уларнинг тасбеҳ айтишларини – поклашларини англамассизлар. Дарҳақиқат, У ҳалим ва мағфиратли бўлган Зотдир” (Исро, 44).

          Аллоҳ уларга пайғамбар келмаган инсонларни ҳам ҳисоб қиладими?

Улар ҳисобга ва жавобгарликка тортиладилар, чунки Аллоҳ таоло уларга ақл берди. Қиёмат куни Аллоҳ уларни имтиҳон қилади ва итоатга буюради, агар Аллоҳнинг чақириғига ижобат қилиб, итоат қилишса, жаннатга, осий бўлишса, дўзахга киришади.

          Ёмонлик нима учун бор?

Бу дунё имтиҳон диёридир. Иккита синф бор десак, дунё биринчи синфга тўғри келади. Охират эса жазо/мукофот, ҳисоб, золимлардан мазлумларга ҳақлари олиб бериладиган диёрдир. У иккинчи синфга тўғри келади. Ёмонларнинг бўлиши ва бу дунёда азобланмаслиги бир имтиҳондир. Лекин иш бу билан тугамайди, балки қиёмат куни ҳамманинг қайта тирилиши ва ҳар бир инсон амалларига яраша жазо-мукофот олиши лозим. Аллоҳ таоло шундай дейди: «Бас, ким (ҳаёти дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (Қиёмат кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса, уни ҳам кўрур!” (Залзала, 7-8).

          Аллоҳ нимага ёмон инсонларни яратган?

Аллоҳ таоло одамларни яратди ва уларга яхшилик ёки ёмонликни танлаш эркинлигини берди. Сен ақлли, одобли бўлишинг ҳам, беақл, беодоб бўлишингиз ҳам мумкин, аммо бунинг оқибатларига чидашинг керак бўлади. Бу Аллоҳнинг неъмати ва ҳикматидандир. Ёмон инсонлар яхши бўлишга қодирдирлар, биз бунда уларга ёрдам беришимиз лозим. Агар ёмон ишларни тарк этмасдан туриб олсалар, бизнинг вазифамиз, одамларни уларнинг ёмонлигидан тўсишдир. Ана шунда Аллоҳ бизни яхши кўради ва мукофотлайди. Аллоҳ таоло бу ҳаётдаги ҳамма нарсанинг яратувчисидир. Бу дунё синов ва имтиҳон диёридир. Аллоҳ таоло деди: «(Эй инсонлар, У) сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ-яхшироқ амал қилгувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яраттан Зотдир. У қудратли ва мағфиратлидир” (Мулк, 2).

Ёмонликнинг шайтонлар ва айниган одамларнинг қўлларида бўлиши ҳам имтиҳондир.

          Нима учун баъзи одамлар туғма касал ёки ногирон бўлиб туғилишади?

Аллоҳ уларни сабр қилишлари ва ҳасанотлари кўпайиши учун нуқсон ва касаллик билан имтиҳон қилди. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг бизга берган неъматларини эслашимиз ва аксариятимизни соғлом қилиб яратгани учун шукр қилишимизни хоҳлади. Яна Аллоҳнинг қудрати қаршисида неқадар кучсиз эканимизни, мағрурланмасдан, билъакс ўзимизни камтар олиб, бир-биримизга ёрдам беришимиз кераклигини эслатади. Ҳисоб кунидан кейин, улардан яхши амаллар қилганлари жаннати наимларда соппа-соғ ҳолларида абадий яшайдилар.

          Нега бой ва камбағаллар бор? Нимага баъзи ёмон кимсалар қасрларда, баъзи яхши кишилар кулбаларда яшайдилар?

Дунё ҳаётида бериладиган ҳар бир ризқ Аллоҳ таолодандир, Аллоҳ бандаларини имтиҳон қилади. Баъзан инсонга мўл ризқ беради ва бошқаларга улашиб-улашмаслигини имтиҳон қилади. Баъзан ризқдан маҳрум этади ва сабрини, ўзини ўғирлик ва гина-кудуратдан тийишини имтиҳон қилади. Яхши инсон бу дунёда сабр қилиб яшаган сари Ҳисоб кунидаги савоби кўпайиб бораверади. Аммо мўл ризқ берилган, бироқ бошқаларга бермай, уларга ёмон муомала қилган инсон эса, қиёмат куни шу билан азобланади, чунки у Аллоҳнинг неъматини қадрлай олмади.

Болага яна шундай дейишимиз мумкин: «Аллоҳ таоло инсонни ҳар хил даражада яратди, улардан бой бўлгани ҳам, камабағали ҳам борки, бойнинг камбағалга бериши, кучлининг кучсизга ёрдам қилишини хоҳлади. Инсонларнинг ҳамма нарсада бир-бирларидан фарқ қилишлари Аллоҳ ҳикматининг тақозосидир. Шунга кўра, инсонларнинг тиллари, ранглари, ирқлари ва табиатлари турли тумандир. Улар ичида тиришқоқлари ва дангасалари, фидокорлари ва худбинлари, сахийлари ва бахиллари бор. Моддий ва молиявий жиҳатлари ҳам турлича, улар ичида камбағаллари ва бойлари бор. Уларнинг барчаси имтиҳон қилинмоқда. Бой ҳам, камбағал ҳам имтиҳонда. Бой инфоқ қилгани, закотини бергани, сахий бўлгани, садақа қилгани ҳақида сўралади. Камбағал сабр қилгани, меҳнат қилгани, ишлагани, ўғирлик ва таъмагирлик қилмагани ҳақида сўралади. Барчаси имтиҳон, лекин ҳар икки тарафдагилар учун кафолат берилган: ризқ Аллоҳ таолонинг зиммасидадир. Бойлик ва камбағаллик жаннатга ёки дўзахга киришдан тўсмайди. Ҳар кимга берилган нарсага кўра вазифа юкланган. Агар инсонлар бир хил бой бўлишганда эди, бир-бирларига хизмат қилмаган, бир-бирларига эҳтиёжлари тушмаган бўларди. Аллоҳ таоло айтади: «Айримларини айримларидан баланд даража-мартабаларга кўтариб қўйганмиз” (Зухруф, 32). Яъни, инсонлар бир-бирларига хизмат қиладилар ва шу билан ҳаёт ғилдираги айланади. Ҳамма бир хил бўлса, ҳаёт тўхтаган бўларди.

          Нимага касал бўламиз? Нимага бошимизга мусибатлар келади?

Аллоҳ ҳар бир инсонни имтиҳон қилади. Қани, у касалликка сабр қиладими ёки бетоқатланиб, аччиқланадими? Аллоҳ таоло сабр қилган кишини буюк мукофот билан мукофотлайди. Мўмин киши қиёмат куни бу мукофотдан хурсанд бўлади. Зеро, касалликлар, мусибатлар, аламлар Аллоҳ тақдир қилган нарсалар бўлиб, Аллоҳ улар сабабли даражаларни кўтаради, қалбларимизни ва хулқларимизни ғурур, ажабланиш ва кибрдан поклайди. Улар бошга келганда мўмин дуо-илтижо ва сабр қилиш билан Раббига яқинлашади, натижада, иймони ва ҳасаноти зиёда бўлади ва Рабби уни яхши кўради. Инсон мусибатни кўрганда офият, соғлик ва неъматнинг қадрини билади. Болага машинани мисол қилиш мумкин: «Машина нимага ишлаб чиқарилган? Бизни сайр қилдириш учун, шундайми? Унда тормоз ишлаб чиқарувчи ширкат ҳақида нима дейиш мумкин? Бу машинанинг ҳаракатига зид эмасми? Тормоздан фойдаланиш ҳаракатнинг хавфсизлиги учун жуда муҳимдир. Тормоз ҳайдовчи ҳалокатга учрамаслиги учун муносиб пайтда машинани тўхтатади. Худди шунингдек, Аллоҳ таоло бизни Унга ибодат қилиш ва бизга берилган неъматлар билан бахтиёр бўлишимиз учун яратди. Шу билан бирга Аллоҳ таоло мусибатларни ҳам яратди. Мусибатлар инсонга яратилишининг сабаби бўлган буюк вазифасини эслатади, уни ўйин-кулгу ва ғафлатдан тўхтатиб, Раббисини ёдига солади, натижада инсон истиғфор айтади, сабр қилади ва савоб умид этади.

          Ҳайвонлар ва зарарли ҳашаротларни ҳам Аллоҳ яратганми?

Ҳа албатта, Аллоҳ ҳамма нарсанинг Яратувчиси ва Раббидир. Бу махлуқотларни қудрати билан яратгани янглиғ ҳикмати билан яратди. Зеро, Аллоҳ ўта ҳикматли ва билувчидир. Уларни нимага яратганини яхши билади, биз билмаймиз. Чунки бизнинг илм ва маърифатимиз Аллоҳнинг илми ва ҳикматига нисбатан жуда оздир. Шунинг учун Аллоҳ бундай деган: «Сизларга жуда оз илм берилгандир” (Исро, 85).

Биз Аллоҳ яратган бу ҳайвонларнинг нимага яратилганидаги ҳикматларнинг ҳаммасини билолмаймиз. Бу махлуқотларнинг яратилишидаги баъзи ҳикматлардан:

– Аллоҳнинг яратиш ва бошқариш санъатида моҳирлигини намоён қилиш. Бу моҳирлик махуқотлари жуда кўп бўлишига қарамай, ҳаммасига ризқ беришида яққол кўринади.

– Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бу ҳайвонлар билан инсонни имтиҳон қилади: улардан кимга мусибат келса, ажрини беради, ким уларга ғолиб бўлса, шижоатини кўпайтиради.

– Инсоннинг заифлиги ва ожизлигини намоён қилиш. Бу ожизлик яратилиш жиҳатидан ўзидан анча паст даражада бўлган бир ҳайвон ёки ҳашаротнинг инсонга озор бериши, жонини оғритиши ва касал қилишида очиқ кўринади.

– Тиббиёт илми ва тажрибалардан маълум бўлишича, бир қатор фойдали дори-дармонларни ишлаб чиқаришда илонлар ва шунга ўхшаш ҳайвонлар заҳарларидан фойдаланилади. Шунингдек, илон қишлоқ хўжалиги экинларига зарар берадиган дала сичқонларини ейди. Шунингдек, бу зарарли ҳайвонларнинг аксарияти бошқа фойдали ҳайвонлар учун озиқ-овқат бўлиб, бу табиатда Аллоҳ ўрнатган мавжуд мувозанатни сақлаб туришда ўз ҳиссасини қўшади.

          Нимага бир кеча-кундузда беш маҳал намоз ўқиш керак?

Аллоҳ таоло бизга фарз қилган ибодатлар мўминнинг нафсини поклаш ва руҳини юксалтириш воситалари ҳисобланади. Ибодатлар ортидан қўлга киритиладиган яхшиликларга нисбатан сарфланаётган ҳаракатларга қаралса, қилинаётган ишлар жуда ҳам озлиги яққол кўринади. Намоз қироат, зикр ва дуони ўз ичига олар экан, қуллик кўринишларини энг мукаммал тарзда жамлайди. Намоз қироат, зикр ва дуони бошқа аъзоларнинг қуллиги билан бирга жамлагани боис, алоҳида қилинган қироат, зикр ва дуодан афзалдир.

Мўминлар намоз ўқиш билан хурсанд бўладилар, чунки намозда Аллоҳ таоло билан бирга бўладилар, Унга дуо қиладилар, бутун орзу истакларини сўрайдилар ва Аллоҳ уларга ижобат қилади. Биз намоз ўқиймиз, негаки бунга Аллоҳ таоло буюрган. Биз Аллоҳ буюрган нарсаларни қилишни яхши кўрамиз. Чунки Аллоҳ яратувчимиз, ризқ берувчимиздир. Аллоҳ сон-саноқсиз, беҳисоб неъматлар бергани учун ибодат қилинишга энг ҳақли бўлган зотдир. Аллоҳ таоло деди: «Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар” (Наҳл, 18).

Албатта бу ибодат, Аллоҳ таолога муҳаббатимиз ва шукримизнинг изоҳидир. Бизни асраши, офият бериши, яхшиликларга муваффақ этиши ва ёмонликлардан узоқлаштириши учун Унга қанчалар муҳтожлигимизнинг исботидир. Аллоҳ таолонинг ибодатларимизга эҳтиёжи йўқ. Чунки Аллоҳ биздан ва амалларимиздан беҳожатдир. Уларнинг Аллоҳга бирон фойдаси йўқ. Ибодатлар Аллоҳнинг буйруқлари бўлиб, Аллоҳ таоло биздан пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган йўлга мувофиқ ибодат қилишимизни хоҳлади. Мана шу, яъни Аллоҳга Расулуллоҳнинг йўлларига мувофиқ ибодат қилишимиз, икки шаҳодат калимасининг маъносидир. Шунингдек, бу ибодатлар жаннатга киришимизга сабаб бўладиган буюк ажрларни қўлга киритишимизга восита бўлади. Аллоҳнинг ҳикмати инсонга фақат амали эвазига ажр беришни тақозо этди. Шунинг учун, жаннат Аллоҳнинг матоси бўлиб, у жуда қимматдир. Унга эришиш учун катта маблағ керак, у маблағ – тоатдир.

          Намозда тезда катта бўлишни дуо қилдим, нимага Аллоҳ ижобат қилмади?

Дуонинг одоблари бор, уларга риоя қилиш керак. Ўша одоблардан: дуо қилувчи киши Аллоҳнинг Ер юзига қўйган қонун-қоидалари ва суннатларини ҳурмат қилиши. Биз Аллоҳга дуо қиламиз, У зот биз учун яхши бўлган нарсани қилади. Масалан, отангдан машиналар юрадиган йўлларда велосипед ҳайдашга рухсат сўрадинг, лекин отанг рухсат бермади. Сабаби, у сени яхши кўради ва сенга рухсат бермаслик сен учун яхшироқ эканини билади.

Дуоларимизда учта ҳолат борлиги Аллоҳнинг марҳаматидандир. Биринчи: Аллоҳ дуомизга ижобат қилиб, уни амалга оширади. Иккинчи: Аллоҳ бизга келаётган бир мусибат ёки ёмонликни биздан кўтаради. Учинчи: Аллоҳ биз учун уни қиёмат кунига олиб қўядики, жаннатда ундан кўра яхшироғини беради.

          Нимага дугонамга ўхшаб чиройли эмасман?

Чунки Аллоҳ таоло ҳар бир инсонни бошқалардан ажралиб турадиган шаклда яратди. Аллоҳ яратган ҳар бир инсон қуйидаги ояти каримада айтилганидек гўзалдир: «Дарҳақиқат, Биз инсонни энг гўзал шаклу шамойилда яратдик” (Тийн, 4).

Ҳар бир шахс ўзига хос хусусиятлар билан ажралиб туради. Аллоҳ уни жуда чиройли қилиб яратган, бунинг учун Аллоҳга кўп шукр қилиши лозим. Агар хунукман деб ўйласа, бунга рози бўлиши ва тақдирга тан бериши вожиб бўлади. Шукр ва сабр қилган кишига юксак даражалар ва улуғ ажрлар берилади.

          Аллоҳ бизни яхши кўрса, нимага бошимизга ёмон нарсалар келади?

Аллоҳ таоло яхши инсон билан ёмонни бир-биридан ажратиш учун имтиҳон қилади. Ҳатто у Аллоҳга илтижо қилиши ва доимо Аллоҳга яқин бўлиши учун гоҳида Аллоҳ инсонга мусибат беради. Аллоҳ яхши кўрган бандаларининг гуноҳларини кечириш, даражаларини кўтариш ва бошқаларга ўрнак бўлишлари учун уларга мусибатлар беради. Уларни кўриб, уларга эргашиб бошқалар ҳам сабр қиладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Одамларнинг энг қаттиқ синовга дучор бўладиганлари пайғамбарлардир, кейин уларга яқинлар, кейин уларга яқинлардир” (Саҳиҳ ал-жомеъ, 992).

Бунга кўра, одамлар диндорлик даражасига қараб бошига бало-мусибат келади. Агар дини мустаҳкам бўлса, бало-мусибат ҳам қаттиқ бўлади. Шу сабабдан Аллоҳ пайғамбарларни буюк балолар билан синади, улардан баъзилари ўлдирилди, баъзилари озорланди, баъзилари Айюб алайҳиссалом каби узоқ вақт қаттиқ касал бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Маккада ва Мадинада кўп озор ва азиятлар чекдилар, шунга карамай, сабр қилдилар. Демак, озорлар иймон ва тақво эгаларига иймон ва тақволарига қараб келар экан. Ва ниҳоят, боланинг қалбига сингдирилиши лозим бўлган нарсани эслатай: Аллоҳ азза ва жалла хоҳлаганини қилади, истаганидай ҳукм беради, У қилган ишларидан сўралмайди, чунки У ҳукм қилувчиларнинг энг яхшисидир.

Back to top button