Пайғамбарларга тааллуқли саволлар

Набийлар ва расуллар кимдирлар?

Пайғамбарлар Одам фарзандларидан бўлиб, Аллоҳ уларга пайғамбарликни ваҳий қилди, қавмларига рисолатни етказиш ва уларни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват этишга буюрди. Уларнинг биринчиси Одам алайҳиссалом ва охиргиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Уларнинг сони жуда кўп, чунки Аллоҳ уларни Ер юзида яшаган барча умматларга жўнатган. Яъни, ҳар бир даврда одамларни ҳидоятга ва тўғри йўлга чорловчи бир пайғамбар албатта бўлган.                                                                      

Аллоҳ нима сабабдан пайғамбарларни юборди?

Аллоҳ таоло пайғамбарларни одамларга раҳмат ва ҳидоят қилиб, уларга Раббиларининг рисолатини етказишлари учун жўнатди. Расул халқи ичида жуда яхши танилган, ваҳий тушишдан олдин ҳам яхши инсонлиги билинган кишидир. Аллоҳ пайғамбарларни одамларга ўрнак қилди. Пайғамбарлар одамларга одоб-ахлоқни, юриш-туришни ўргатдилар, уларга фойдали бўлган нарсаларни кўрсатиб, зарарли нарсалардан огоҳлантирдилар. Пайғамбарлар рисолатни етказиш билан халқлар устида ҳужжатни қоим қилдилар. Улар одамларни битта дин, яъни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишда жамладилар. Зеро, одамлар тўғри йўлга бошловчи кишиларга муҳтождирлар. Шу сабабдан Аллоҳ, одамларга рисолатнинг тўғри ва равшан ҳолатда етиб бориши учун пайғамбарларга қавмларининг тилларида китобларни нозил қилди.

          Пайғамбарлар хато қилишдан маъсуммилар?

Пайғамбарлар ҳам инсондирлар, инсонларда бор бўлган хато қилиш табиати уларда ҳам бор. Лекин Аллоҳ таоло уларни рисолатга тааллуқли нарсаларда хато қилишдан асради. Аллоҳ уларни одамларга ўрнак бўлишлари, гаплари таъсирли ва амаллари мақбул бўлиши, рисолатни етказишда тўсиқ бўлмаслиги учун хулқ-атворлари ва юриш-туришларини намунали қилди. Лекин улар ҳам инсон бўлганлари сабабли баъзи хатоларга йўл қўйишади, бироқ бу рисолатга зарар бермайди. Масалан: экин экишга ёки жанг қилишга энг муносиб жойни танлашда хатога йўл қўйиш каби нарсалар.

          Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам кимдир?

У Аллоҳнинг бандаларига жўнатган пайғамбарларнинг охиргисидир. Унинг исми: Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб Ҳошимий Қурашийдир. У Макка шаҳрида Фил воқеаси йили Рабиул-аввал ойида душанба куни дунёга келдилар. Отаси у туғилмасдан олдин вафот этди, онаси эса у олти ёшлигида вафот этди. Кейин бобоси Абдулмутталибнинг қарамоғида қолди, у ҳам Пайғамбаримиз саккиз ёшдалигида вафот этди. Сўнгра уни амакиси Абу Толиб қарамоғига олди. Олийжаноб хулқ эгаси бўлгани учун одамлар уни Содиқ (ростгўй), Амин (ишончли) деб номлар эдилар. Қирқ ёш бўлганларида пайғамбар этиб тайинланди ва қавмларини Исломга даъват қила бошладилар. Маккада ўн уч йил даъват қилдилар, халқининг озорлари ва азиятлари кучайиб кетгач, Мадинага ҳижрат қилдилар ва у ерда ўн йил яшадилар. Мадинада муҳожирлар билан ансорларни ака-ука тутинтирдилар. У ерда Аллоҳнинг шариати ва ҳукмини ўрнатдилар. Рисолатни етказиб, зиммаларидаги омонатни адо қилгач, ҳижрий ўн биринчи йил вафот этдилар.

          Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигини нима исботлайди?

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигини исботлайдиган далиллар жуда кўп. Уларнинг энг муҳими Қуръони каримдир. Ушбу мўъжизавий китоб ўз хазиналари ва марваридлари билан одамларни ҳайратга солишда давом этмоқда. У зотнинг пайғамбарлигини тасдиқлайдиган далиллардан:

Унинг сийрати ва гўзал ахлоқи. Буни у зотнинг яқинларини қўйиб турайлик, душманлари ҳам тан олгандир. Ҳатто у зот «Содиқ», «Амин» деб лақаб олган эдилар.

У зотнинг замондошлари гувоҳ бўлган ва авлоддан авлодга ривоят қилинган бир қатор мўъжизалари.

Барча комил ва гўзал ҳукмларни ўзида жамлаган бу шариат.

Олдинги самовий китобларда келган башоратлар.

Ислом динининг ҳар бир макон ва замонга ёйилишда давом этиши.

Ўтмишдаги умматлардан ва келажакдаги нарсалардан хабар беришлари…

          Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай қилиб бир кечада осмонга чиқарилди?

Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Буроққа минган ҳолларида Байтул Мақдисга сайр қилдирилдилар, сўнг Жибрил алайҳиссалом ҳамроҳлигида осмонга чиқдилар. Аллоҳ таоло ҳар нарсага қодирдир, Уни на ердаги ва на осмондаги бирон нарса ожиз қолдиролмайди. Бугун заиф инсон ўз ақли билан товуш тезлигидан ошадиган самолетни ихтиро қилди, инсонни бир вақтнинг ўзида бир нечта жойда кўрсата оладиган  тасвирни уч ўлчовда олишни (3Д) ўйлаб топган экан, албатта Аллоҳ халқларидан буюк, улуғ ва қудратлироқ зотдир.

          Нимага Муҳаммад охирги пайғамбар бўлди?

Пайғамбарларнинг жўнатилиши тўғри йўлни кўрсатиш ва ҳидоятга йўллаш ҳикматига боғлиқдир. Олдинги китоблар пайғамбарлар ўлганларидан кейин нуқсон ва ўзгартишга учраган экан, Аллоҳнинг ҳикмати бир пайғамбарни бундай нуқсонга ва бузилишга учрамайдиган, ҳатто уни сақлашни зиммасига олган бир китоб билан жўнатишни тақозо этди. Модомики, Қуръоннинг мўъжизалиги, унинг барча халқларга очиқ ҳужжатлиги боқий экан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам расул ва набийларнинг охиригиси бўлишлари мантиқлидир.

          Нимага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш вожиб?

Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш иймон акронларидандир, ҳатто Аллоҳ таолога иймон келтириш, бу муҳаббат билангина комил бўлади. Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат Аллоҳ таолога бўлган муҳаббат билан ёнма-ён келтирилган. Чунки Аллоҳ таоло одамлар орасидан уни буюк рисолатни етказиш учун танлаб олди. Аллоҳ таоло одамларнинг насабда, хулқда, сўз ва амалда энг яхшисини танлади. Чунки Аллоҳ рисолат омонатини кимга беришни жуда яхши биладиган зотдир. Модомики, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу буюк вазифа учун бутун одамлар ичидан танлаб олинган эканлар, бизнинг вазифамиз ҳам барча одамлар ичида уни кўпроқ яхши кўришдир. Чунки у зот одамларга Раббиларини танитдилар, умматига энг яхши расул, халқига энг раҳимли набий бўлдилар. Аллоҳ таолодан кейин бизга у зотдан кўра ғамхўрроқ бўлган инсон йўқ. Одамларни динга ва яхшиликка даъват қилиш йўлида озорларга сабр қилдилар, даъватни қабул қилмаганда уларнинг дўзахга киришини ўйлаб қаттиқ сиқилдилар. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: «(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), агар улар ушбу сўзга – Қуръонга иймон келтирмасалар, эҳтимол сиз уларнинг ортидан, афсус-надомат билан ўзингизни ҳалок қилурсиз (бундоқ қилмоқ сизга нораводир)” (Каҳф, 6). Мана шунинг учун ҳам Аллоҳдан кейин муҳаббатимизга энг лойиқ инсон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар.

 

Back to top button