Иймоний тарбия рукнлари

Биринчи рукн:

Аллоҳга иймон келтириш

Иккинчи рукн:

фаришталарга иймон келтириш

Учинчи рукн:

китобларга иймон келтириш

Тўртинчи рукн:

пайғамбарларга иймон келтириш

Бешинчи рукн:

Охират кунига иймон келтириш

Олтинчи рукн:

қадарга иймон келтириш

 

Биринчи рукн:

Аллоҳга иймон келтириш

Фитрат, ақл ва шариат Аллоҳнинг борлигига далолат қилади. Ҳар бир махлуқот Яратувчисининг борлигига ишониш табиати билан яратилган. Ақл бу махлуқотларни вужудга келтирувчиси бўлиши шартлигини билади. Барча самовий динлар Яратувчининг мавжудлигини тасдиқлашади.

Аллоҳ таолога иймон келтириш тўртта нарсани ўз ичига олади:

Биринчи: Аллоҳнинг борлиги.

Иккинчи: Аллоҳнинг рубубиятига, яъни Унинг неъматларни берувчи, яратувчи, ризқлантирувчи ва бошқарувчи Парвардигор эканига иймон келтириш.

Учинчи: Аллоҳнинг улуҳияти ва тавҳидига, Унинг шериги йўқлигига иймон келтириш.

Тўртинчи: Аллоҳнинг камол ва жамол исмлари ва сифатларига иймон келтириш.

Болага бу тўрт нарсани ўргатиш, уни Аллоҳни таниш, улуғлаш ва яхши кўриш асосида тарбиялаш бизнинг вазифамиздир.

Бу рукн қолган рукнларнинг асосидир.

Нима учун болаларга Аллоҳни яхши кўришни ўргатамиз?

  1.         Чунки бизни йўқдан бор қилган, бизни бошқа кўплаб махлуқотлардан устун ва яратилишимизни мукаммал қилган, бизга энг афзал неъмати бўлмиш саломатликни берган зот Аллоҳ азза ва жалладир. Сўнгра У зот Ўз фазли марҳамати билан уларга лойиқ бўлмасак ҳам бизга кўплаб ризқларни берди. Амалларимизнинг мукофотига бизга жаннатни ваъда қилдики, бу У зотнинг фазли ва марҳаматидандир. У зот аввалу охирда фазл эгасидир.
  2.         Чунки муҳаббат яширин ва ошкора барча ҳолатларда ҳурмат-эҳтиром ва қўрқувни келтириб чиқаради. Фарзандларимизнинг Аллоҳ билан муносабатлари фақат Унинг азобидан ёки дўзахидан қўрқиш бўлиши ўрнига, У зотни яхши кўрган ҳолда улуғлашлари ва қўрқишларига жуда муҳтожмиз. Шундай бўлган тақдирда, ибодатлари уларга маънавий завқ беради ва уларни тойилишдан асрайди.
  3.         Чунки Аллоҳ таоло ўлмайдиган боқий ва доим, уйқу ва мудроқ тутмайдиган Ҳай ва Қайюм зотдир. У зот улар билан ҳар доим биргадир. Уларни ота-оналаридан ҳам кўпроқ ҳимоя қиладиган ва асрайдиган зот Удир. Шундай экан, уларни Аллоҳга боғлаш ва Аллоҳни яхши кўришларини таъминлаш, энг мустаҳкам суюнчиқларининг Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло эканини билишлари учун зарурдир.
  4.         Чунки улар Аллоҳни яхши кўрсалар, Қуръонни яхши кўрадилар, намозларга диққат-эътиборли бўладилар. Аллоҳ таолонинг чиройли бўлиб, чиройли нарсаларни яхши кўришини билсалар, чиройли бўлган ҳар нарсани қиладилар. Аллоҳнинг кўп тавба қилувчиларни, доимо покиза юрадиганларни, муҳсинларни, садақа қилувчиларни, сабрлиларни, таваккул қилувчиларни, тақводорларни яхши кўришини билсалар, мазкур сифатларга эга бўлишга ҳаракат қиладилар, У зотнинг розилиги ва муҳаббатига ноил бўлишга, У зотнинг уларни дўст тутишига ва уларни ҳимоя қилишига эришишга қаттиқ интиладилар. Аллоҳнинг хоинларни, кофирларни, мутакаббирларни, ҳаддидан ошувчиларни, золимларни, бузғунчиларни ёмон кўришини билсалар, қўлларидан келганича Аллоҳни яхши кўрган ва розилига интилган ҳолда мазкур сифатлардан узоқ бўлишга ҳаракат қиладилар.
  5.         Чунки Аллоҳ таолонинг муҳаббати, У зотнинг биз билан биргалигини ҳис эттиради. Бу эса ҳузур, ҳаловат, хотиржамлик ва собитқадамликни беради, ташвиш ва маҳзунликни аритади. Шунингдек, руҳ ва бадан руҳий ва жисмоний хасталиклардан, янада муҳими, гуноҳ ва маъсиятлардан саломат бўлади.

Фарзандларимизга Аллоҳ таолонинг муҳаббатини қандай ўргатамиз?

  1.         Болаларга иймонга тааллуқли масалаларни сингдиришнинг дастлабки йўли ҳиссий бошланғичнинг бўлишидир. Яъни, боланинг Яратувчисига бўлган иймонини кучайтиришда ҳиссиётларига таянишимиз мумкин. Масалан, атрофидаги қуёш, ёмғир ва шамол каби табиий ҳодисалардан фойдаланамиз. Бу аснода болага бу коинотни бошқарувчи Холиқнинг борлигини ўргатиб, савол бериш ва изланишга қизиқтирамиз. Болада изланиб, ўрганган илмий уфқлардаги ҳар нарсада Аллоҳнинг борлигининг далилларини кўриши мумкин бўлган иймоний дунёқарашни пайдо қилишга интиламиз. Аллоҳнинг ҳайратомуз қудратини ва бемисл яратишини кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Бу эса инсон яратилишининг бошланғич нуқтасига назар солишга чорлайди. Аллоҳ таоло шундай дейди: «Энди инсон ўзининг нимадан яралганига бир боқсин!” (Ториқ, 5). «Ҳамда ўзларингизда (Аллоҳнинг қудратига далолат қиладиган оят-аломатлар бордир). Ахир кўрмайсизларми?!” (Зориёт, 21).  Шунингдек, Аллоҳ таоло инсонни таомига, уни қандай пайдо қилгани ва пайдо бўлиш босқичларини баён этганига назар солишга ундайди: «Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан бир) қараб кўрсин-чи!” (Абаса, 24).  Яна болаларга Аллоҳнинг буюклигига далолат қилган махлуқотларини кўрсатиш йўли билан Аллоҳнинг қудратини билдиришмиз мумкин. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: «Ахир улар туянинг қандай яратилганига боқмайдиларми? Осмоннинг қандай кўтариб қўйилганига; Тоғларнинг қандай тикланганига; Ва Ернинг қандай ёйиб-текислаб қўйилганига (ибрат назари билан боқмайдиларми?!)” (Ғошия, 17-20). Бу улкан нарсаларни Аллоҳнинг азамати ва махлуқотининг ажойиблигини, турфа изоҳлаш йўллари билан ва замонавий технологияни қўлланиб, турли ёшдаги болаларнинг зеҳнларига жойлаштиришимиз мумкин. Бола ўз табиатидан келиб чиқиб бу улкан нарсаларни яратиб, сўнг уларни унга бўйсиндириб қўйган Зотни яхши кўради.
  2.         Болага Аллоҳ таолонинг баркамоллиги ва гўзаллигига далолат қилган гўзал исмлари ва сифатларини таълим бериш. Аллоҳ таоло раҳмати ҳамма нарсадан кенг бўлган Раҳмон ва Раҳимдир. У хато-камчиликларни кечирувчи Афвдир. Кечириб, сатр қилувчи Ғофурдир. Бирон сабаб бўлмаса ҳам, сўрамаса ҳам берадиган Каримдир. Бандаларини фақат фойдали нарсаларга йўллайдиган Ҳодийдир. У севилган ва севадиган Вадуддир. Аллоҳнинг исмлари ва сифатларини билиш, Аллоҳни яхши кўришга васила бўлиши муқаррардир.
  3.         Болани Аллоҳ билан таҳдид этишдан узоқ туришимиз даркор. «Агар гапимга қулоқ солмасанг, айтганимни қилмасанг, Аллоҳ сени жазолайди”, демайлик. Болага Аллоҳ таолонинг осийларни жазолашини ўргатиш билан киши Аллоҳнинг жазосини ўзига итоат қилишга боғлаши ва бу билан болага таҳдид этиши орасида фарқ бор. Бу нарса боланинг Аллоҳнинг қудрати ва азамати ҳақида теран фикрлашдан тўсади. Бола тарбиясида Аллоҳ билан таҳдид қилишга мурожаат қилмаган яхши. Билъакс, болага Аллоҳ севгиси, азамати ва ҳурматини ўргатишимиз лозим. Шунингдек, боланинг Аллоҳ ҳақидаги тушунчасига салбий таъсир қиладиган ҳар қандай нарсани Аллоҳга нисбатламаслик мақсадга мувофиқдир.
  4.         Бола ота-онасини намоз ўқиётганларини ёки бошқа фарз ибодатларни қилаётганларини ёхуд ҳаром ишлардан юз ўгираётганларини кўрганда, буларнинг сабаби ҳақида улардан кўп саволлар сўраши мумкин. Бундай ҳолатда ота-оналарнинг жавоблари Аллоҳга муҳаббат ва итоат маъноларини ўз ичига олиши лозим. Бу эса болага ўрнак-намуна бўлади, чунки бола ота-онасига эргашади. Боланинг қалбига Аллоҳ муҳаббатини ўрнаштирадиган нарсалардан яна бири, болаларга жаннат ҳақида ва Аллоҳ таолонинг тақводор бандаларига ҳеч қачон йўқ бўлмайдиган неъматларни тайёрлаб қўйгани ҳақида гапириб беришдир.
  5.         Бола вожиб амалларнинг маъносини тушунадиган ёшга етганда, бу муҳаббатнинг вожиб эканлиги ўргатилади. Зеро, бизни яратган, хилқатимизни баркамол қилган, ризқ берган, бошқа махлуқотларидан афзал қилган ва бизга Ислом неъматини мушарраф этган Аллоҳ азза ва жалладир. Фарзандимизга атрофимиздаги барча неъматларни Аллоҳ берганини, буларнинг эвазига Аллоҳга қандай ҳамд айтиш, шукр қилиш ва неъматларни зиёда қилишини сўрашни ўргатамиз. Бу неъматларни Аллоҳдан эканини билиш инсонни Аллоҳни яхши кўришга ундайди.
  6.         Ва ниҳоят, болага Аллоҳнинг ва Расулининг муҳаббатига эришишига ёрдам берадиган сўз, амал ва ҳолатлар таълим берилади.

Иккинчи рукн:

фаришталарга иймон келтириш

Фаришталарга иймон келтириш қуйидаги нарсаларни ўз ичига олади: уларнинг борлигини тасдиқлаш, улардан бизга ўргатилган исмларига ва улар ҳақида келган саҳиҳ хабарларга иймон келтириш. Фаришталар ҳақида боланинг ақлига жойланиши лозим бўлган энг муҳим тарбиявий масалалар қуйидагилардир:

  1.         Уларнинг нурдан яратилган махлуқот эканини ўргатиш. Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Фаришталар нурдан яратилган. Жинлар эса, аланга-оловдан яратилган. Одам эса, сизларга аввал васф қилинганидек (сопол каби қуриган қора лойдан) яратилган” (Муслим, 2996). Мана шу тарзда фариштанинг табиати ва сифати ҳақида тафсилотларига кирмай, умумий маълумот бериш етарли бўлади.
  2.         Улардан исмлари айтилганларини ўргатиш. Масалан: фаришталарнинг бошлиғи, энг улуғи ва Қуръонни олиб тушгани Жаброил алайҳиссаломдир. Ёмғирга масъул бўлгани Микоил алайҳиссалом, сурга уфлаш вазифаси топширилгани Исрофил алайҳиссаломдир. Яна Ашрни кўтариб турувчи фаришталар, инсоннинг амалларини ёзиб олувчи фаришталар, инсонни муҳофаза қилувчи ва бошқа фаришталарнинг исмлари хабар берилган.
  3.         Уларнинг саноғи жуда кўплигини, уни ёлғиз Аллоҳ таологина билишини, уларнинг тоат қилиш ва буйруқларни бажариш табиати билан яратилганини, ҳар бир фариштага топширилган вазифа борлиги ва уни сўзсиз бажаришини баён қилиш.
  4.         Улар маъсумдирлар. Улар чарчамай, эринмай, кибрланмай мунтазам равишда Аллоҳга ибодат қиладилар. Улар мўминларни яхши кўрадилар, уларга ёрдам берадилар, уларнинг ҳаққига дуо қиладилар ва уларни ҳимоя қиладилар. Фаришталар зикр мажлисларини қидириб юрадилар ва топганларида мажлисда иштирок этадилар.
  5.         Болаларга фаришталарни яхши кўрдириш. Бу муҳаббат фаришталарнинг гўзал табиатларини, мўминларга нисбатан неқадар диққат ва эътибор беришларини болаларга идрок эттириш билан бўлади. Ана ўшанда болаларда бу муборак махлуқотларга нисбатан муҳаббат ва дўстлик юзага чиқади. Зеро, фаришталар мўминларнинг ҳаққига тасбеҳ ва истиғфор айтиб, дуо қиладилар, иймон келтириб, солиҳ амаллар қилиш билан ҳақ йўлда собитқадам бўлган мўминларга Наим жаннатларини хушхабар берадилар. Мўминларнинг ҳаққига салавот айтадилар, уларга ёрдам берадилар ва уларни собитқадам қиладилар. Аллоҳ таоло фаришталарни бандаларини ҳимоя қилиш учун жўнатиш билан уларнинг амалларини сақлашни ҳам фаришталарга топширган: «Унинг (яъни, ҳар инсоннинг) олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилгувчи (фаришталар) бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни сақлаб-муҳофаза қилиб турурлар” (Раъд, 11).
  6.         Фаришталарга иймон келтириш, уларни улуғлаш ва ҳурмат қилишни, лойиқ бўлмаган сифатлардан уларни поклашни тақозо этади. Улар ҳурматга лойиқ бандалар бўлиб, Аллоҳнинг фармонларига осийлик қилмай, буюрилган ишларни сўзсиз бажарадилар.
  7.         Одамзод озорланадиган нарсалардан фаришталарнинг озорланишини тушунтириб, шахсий тозаликка риоя қилишга қизиқтириш. Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким саримсоқ ёки пиёз еса, (бир сафар ким пиёз, саримсоқ ва кўк пиёз еса,) асло масжидларимизга яқинлашмасин. Чунки фаришталар ҳам Одам фарзандлари озорланган нарсадан озорланишади” (Муслим, 564).
  8.         Фаришталарнинг борлиги ва уларга иймон келтиришда бир қанча ҳикматлар бор. Жумладан: инсон Аллоҳ таолонинг илмининг кенглиги, қудратининг буюклиги ва бемисл ҳикматини билади. Шунингдек, мусулмон киши Аллоҳнинг фармони билан унга ёрдам бериб, уни муҳофаза қилувчилар борлигини билиб, ўзини омонликда ҳис этади.
  9.         Фаришталарнинг шакл, яратилиш ва кузатиш жиҳатидан биз билан бўлган муносабати инсонга ўзининг аҳамияти ва қадр-қийматини билдиради ва ўзининг аҳамиятсиз ва арзимаслиги ҳақидаги фикрга боришдан сақлайди. Шу билан ўзини қадрлайди ва бажариши керак бўлган буюк вазифани амалга оширишга ҳаракат қилади.

Учинчи рукн:

китобларга иймон келтириш

Самовий китобларга иймон келтириш қуйидагиларни ўз ичига олади:

  1.         Аллоҳнинг ҳузуридан туширилган китобларнинг борлигига иймон келтириш. Бу Аллоҳнинг бандаларига раҳматининг улуғлигидандир. Аллоҳ ҳар бир қавмга уларни тўғри йўлга бошлайдиган, уларнинг шариати ва аҳкомларига мос бўлган китоб нозил қилди. Болага китобларнинг нозил қилинишининг буюк неъматлиги, улар бизга Аллоҳни, охиратни, яхшилик ва ёмонликнинг нималигини ўргатиши изоҳланади.
  2.         Китоблардан бизга хабар берилганларининг номларини тасдиқлаш. Масалан: Иброҳим алайҳиссаломга саҳифалар, Мусо алайҳиссаломга Таврот, Довуд алайҳиссаломга Забур, Ийсо алайҳиссаломга Инжил ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга Қуръон нозил қилинган.
  3.         Бу китоблар бир-бирини тасдиқлайди, инкор этмайди. Улар ўзаро бир-бирига зид ва қарама-қарши келмайди. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган: «Сизга эса (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ўзидан олдинги китоб(ларни) тасдиқлагувчи ва у (китоблар) устида гувоҳ бўлган бу Китобни ҳаққирост нозил қилдик” (Моида, 48).
  4.         Китобларда келган тўғри хабарларни тасдиқлаш. Замонлар ўтиши билан бу самовий китоблар ўзгартиш, бузилиш ва алматиришга учраган, чунки улар фақат муайян даврда яшаганларга хос бўлгани учун, Аллоҳ уларни Қуръонни асл ҳолида сақлашни зиммасига олгани каби сақламаганини болага ўргатилади.
  5.         Қуръоннинг ундан олдинги китобларда келган ҳукмларни бекор қилганига иймон келтириш. Қуръони каримдаги ҳукмларга амал қилиш қиёмат кунигача давом этадиган фарздир. Шундай экан, унда буюрилган ишларга амал қилиш, қайтарилган нарсалардан узоқ туриш, ҳалол деган нарсасини ҳалол, ҳаром деганини ҳаром деб билиш, муҳкам (очиқ ва аниқ) оятларга амал қилиш, муташобиҳ (ноаниқ ва кўп маъноли) оятларга Аллоҳдан деб таслим бўлиш, унинг ҳудудлари ва таълимотлари қаршисида тўхташ лозим бўлади.

Китобларга иймон келтириш доирасига кирадиган муҳим ишлардан бири, болага ёшлигидан Қуръони каримни ёдлатиш масаласи. Қуръони каримни ёдлатиш болаларнинг зеҳнларини ўткир қиладиган энг муҳим ишлардан ҳисобланади. Албатта, бу ҳолат мураббийнинг вазифасини энг яхши суратда бажариши, Қуръон оятларини боланинг руҳида жонлантириш билан амалга ошади. Зеро, Қуръони карим иймонимизни зиёда қилиш ва илм билан амални бирлаштириш учун осмонлар ва Ернинг яратилиши, инсоннинг ва атрофдаги нарсаларнинг яратилиши ҳақида чуқур мулоҳаза ва тафаккур қилишга чорлайди. Қуръони каримни ёдлатиш, маъноларини идрок этиш ва билиш, инсонни ақл ва зийракликда юксак даражаларга чиқаради. Шунингдек, Қуръонни тўғри ва тажвид билан ўқиш, боланинг тилини фасоҳатли ва нутқини равон қилади. Қуръон хавф, хушуъ, рағбат ва қўрқув каби раббоний туйғуларни шакллантиради ва қалбни юмшатади. Булар болани кундалик ҳаётининг ҳар соҳасида Қуръони каримнинг таълимотлари ва одобларига амал қилишга ўргатади. Болани фозил ахлоқ ва тўғри ҳаёт узра тарбиялайди. Шунингдек, болаларни Қуръонни ёдлаш ҳалқаларида йиғилишлари ҳам уларнинг Аллоҳ таолодан улкан ажр-савоб ва катта фазилат олишларига сабаб бўлади.

Болани Қуръонни ёдлашга қандай рағбатлантирамиз?

  1. Болага Қуръоннинг фазилатларини, уни ёдлашнинг, тиловат қилишнинг, ўрганиб унга амал қилишнинг фазилатлари тушунтирилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: «Қуръон ўқинглар, зеро у, қиёмат куни ўз эгаларига (яъни, уни ўқиганларга) шафоатчи бўлиб келади” (Муслим, 804).  Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қуръон соҳибига (жаннатда): «Ўқи ва (жаннат даражалари узра) юксал, дунёда қандай дона-дона тиловат қилган бўлсанг ўшандай тиловат қил, сенинг мартабанг ўзинг ўқиган охирги оят даражасида бўлади”, дейилади” (Термизий, 2914).     Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қуръон ўқийдиган мўминнинг мисоли утружжага (лимонсимон мевага) ўхшайди, ҳиди хушбўй, мазаси ҳам ширин. Қуръон ўқимайдиган мўминнинг мисоли хурмога (араб хурмосига) ўхшайди, ҳиди йўқ, мазаси эса ширин. Қуръон ўқийдиган мунофиқнинг мисоли райҳонга ўхшайди, ҳиди хушбўй, мазаси эса аччиқ. Қуръон ўқимайдиган мунофиқнинг мисоли ҳанзалага (итҳамак, абу жаҳл тарвузига) ўхшайди, ҳиди йўқ, мазаси ҳам аччиқ” (Бухорий, 5427; Муслим, 797). Шунингдек, салафи солиҳнинг Қуръонга қандай эътибор берганларидан ўрнаклар айтиб берилади. Булар инсоннинг ҳимматини жумбушга келтирадиган энг катта воситалардандир.
  2.         Болани Қуръон таълим бериладиган мактабларга ёки масжидлардаги Қуръон ёдлаш ҳалқаларига берилади, ёки унга Қуръонни ўргатадиган муаллим топилади. Шунингдек, болалар ёки ўқувчилар орасида мусобақалар уюштириб, уларга мукофотлар беришимиз мумкин.
  3.         Бошида болага Қуръон ёдлашни енгил ушлаш керакки, ҳатто бола Қуръон ёдлашни яхши кўриб қолсин. Ёдлаш 30-пора (Амма пораси)дан бошланади. Чунки ундаги оятлар қисқа ва бир хил услубда келган. Бу эса боланинг хотирасида яхши қолишини осонлаштиради. Шунингдек, бу порадаги суралар иймон арконларини ўз ичига олади, ақидани тўғрилайди ва хулқ-атворни тузатади. Ҳатто боланинг сиҳат-саломатлигини ҳам асрайди. Чунки Қуръони карим зикр ва руқя (даволовчи дуо)дир. Буларга қўшимча, Қуръон тилни тўғри ва нутқни равон қилади.
  4.         Болага ўқиётган ёки ёдлаётган оятларининг маъноларини қисқача шарҳлашга аҳамият бериш. Шунда оятларнинг маънолари боланинг қалби ва ақлини очади. Ёш бола бу оятларнинг маъноларини тушунолмайди, деган фикрга бориш нотўғри. Билъакс, болаларнинг ажабланарли даражада ёдлаш ва тушуниш қобилиятлари бор.
  5.         Болага Қуръоннинг шифо, раҳмат ва барака эканини ўргатиш. Бу ҳақида Аллоҳ таоло айтади: «Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қилурмиз” (Исро, 82).Ким Қуръонни ёки унинг бир қисмини ёдлаган бўлса, касал бўлганда ўзига руқя қилгани, яъни ўқиб дам солгани каби, атрофидагиларга ҳам руқя ўқиши мумкин.

Тўртинчи рукн:

пайғамбарларга иймон

келтириш

Пайғамбарларга иймон келтириш, уларни ва бизга саҳиҳ йўл билан етиб келган хабарларини, улардан бизга хабар берилганларининг исмларини тасдиқлашни, Аллоҳнинг пайғамбарларни ақл ва ахлоқда устун бўлганлари сабабли қавмларига рисолатни етказиш учун уларнинг ичидан танлаб олганига иймон келтиришни ўз ичига олади. Аллоҳ таоло деди: «Биз ҳар бир пайғамбарни (ҳукмларимизни) баён қилиб бериши учун ўз қавмининг тили билан (сўзлайдиган қилиб) юборганмиз” (Иброҳим, 4).

Агар пайғамбар фаришта бўлганда эди, одамлар уни тушунмаган ёки фаришталигини рўкач қилган бўлардилар. Пайғамбарларни бир-биридан ажратмаслик, баъзиларига иймон келтириб, баъзиларга кофир бўлмасдан, ҳаммасига иймон келтириш вожибдир. Барча пайғамбарлар умматларига насиҳат қилишда самимий бўлганлари каби пайғомларида ростгўй бўлганлар. Улар Аллоҳдан хабар берган нарсаларда маъсум эдилар. Бизнинг зиммамизда вожиб бўлган нарса, уларнинг охиргиси ва якунловчиси Муҳаммад соллалллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатларига эргашиш ва амал қилишдир.

Пайғамбарларга иймон келтиришга тааллуқли болага сингдириш лозим бўлган тарбиявий масалалар қуйидагилардир:

Аллоҳ таоло ҳар бир умматга ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга ва Ундан бошқа нарсаларга ибодат қилмасликка чақирувчи ўзларидан бўлган бир расул жўнатганини ҳамда расулларнинг барчаси ростгўй, содиқ, хайрсевар, оқил, тақводор ва ишончли инсонлар эканликларини баён қилиш.

Пайғамбарларнинг бошидан охиригача ҳар бирининг даъватлари ибодатнинг асли ва асоси бўлган эътиқод, сўз ва амалда ибодатнинг ҳамма турларини ёлғиз Аллоҳ таолога қилиш ва Ундан бошқа ибодат қилинадиган барча нарсаларни инкор этиш билан Аллоҳни яккалашда бирлашган эканини баён қилиш.

Пайғамбарларнинг халқларга жўнатилишидаги раббоний ҳикматларни тушунтириш. Бу ҳикматлардан:

–  Аллоҳ таолога ибодат қилиш ва Аллоҳни яккалаш (тавҳид).

–  Одамларни тўғри йўлга бошлаш ва ҳидоят қилиш.

–  Одамларга дин ва дунё ишларини ўргатиш ва уларни зулматлардан нурга чиқариш.

–  Умматни бошқариш ва Аллоҳнинг шариатини татбиқ қилиш.

–  Уларга эргашиш ва йўлларидан бориш.

Аллоҳ таоло одамларни Ўзининг тўғри йўлига бошлаш учун пайғамбарларни жўнатиб, бандаларига раҳм-шафқат ва ғамхўрлик қилганини билиш. Бу буюк неъмати эвазига Аллоҳ таолога шукр қилиш, набийлар ва расулларни яхши кўришга эътибор қаратиш. Чунки улар инсонларга Аллоҳнинг рисолатини етказдилар ва уларга самимий насиҳат қилдилар. Агар одамлар фаҳм, ақл ва заковат жиҳатдан бирлашсалар ҳам, ҳар ҳақдорга ҳаққини берадиган салоҳиятли бир жамият тизимини қуролмасдилар. Пайғамбарлар эса, одамларга фойдали бўлган нарсаларни ўргатиб, зарарли бўлган нарслардан қайтарадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муҳаббатини боланинг қалбига жойлаштириш. Шунда бола у зотга итоат қилиб, унинг изидан боради ва унинг ҳурматини жойига қўяди. Ундан бошқаларга бўлган муҳаббатни унга бўлган муҳаббатдан олдинга қўймайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дўст тутганларни дўст, душман тутганларни душман тутади.

Болага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўрдириш йўлларидан:

–  Унинг исми тилга олинганда салавоту салом айтиш билан уни ҳурмат қилиш ва қадрлаш.

–  У зотнинг масжидига бориш насиб қилганда, унинг қабри ёнида ва масжидида уни ҳурмат қилиб, овозни кўтармаслик.

Болага Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муҳаббатини қандай ўргатамиз?

Болага Аллоҳ таолонинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриши, уни бутун одамлар орасидан танлаб олиб, афзал қилгани ва бизга уни яхши кўришни вожиб қилганини яхшилаб тушунтиришимиз даркор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш Аллоҳ таолони яхши кўриш аломатларидан бўлиб, ким Расулуллоҳни яхши кўрса, Аллоҳни ҳақиқий, чинакам яхши кўришини ўргатамиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оламларга бу динни етказиш ва ҳидоятга чорлаш билан раҳмат қилиб жўнатилгани, қиёмат куни мўминларни шафоат қилиш билан уларга раҳмат бўлишини болага эслатамиз.

Пайғамбаримизнинг покиза сийратларидан бўлимлар ўқиш. Бунинг соясида бола Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг башарият учун гўзал намуна ва ўрнак эканини билиб олади. У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжизалари, буюк хулқлари, мазлумларга ёрдам беришлари, камбағал бечораларга меҳрибонликлари, етимларга ғамхўрликлари, заиф кучсизларга раҳм-шафқатларини ўрганади. Пайғамбаримизнинг сийратини ўқир эканмиз, тилимиз бола онгининг ривожланиш даражасига яқин бўлишига эътибор беришимиз, ақл даражасига мос нарсаларни айтиш билан кифояланишимиз лозим. Ана шунда бола айтганларимизни яхши ўзлаштириб олади. Шунингдек, бу таълим асносида болага ёшига мос эҳтиёжлари ва талабларига жавоб берадиган турли усуллар билан тушунтиришга ҳарис бўлайлик. Бунда боланинг ўзига хос табиати ва муҳитнинг шартлари ҳам эътиборга олинади.

Болага ота-онаси ва атрофидагиларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга, унинг суннатлари ва сўзларига ҳурмат кўрсатишларини, унга эргашиш ва иқтидо қилишга интилишларини, исмлари ҳар сафар тилга олинганда «соллаллоҳу алайҳи ва саллам”, деб салавот айтишни канда қилмасликларини кўрсатиш. Шубҳасиз, ота-онанинг амалий хатти-ҳаракатлари, юриш-туришлари бола тарбиясида энг кучли таъсирга эга. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, ота суннат ва нафл ибодатларни қилган пайт фарзандига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шундай қилар эдилар, деб айтади. Ўрнак бўлиш йўли билан тарбия бериш, тўғри тарбия ва соғлом ақидани таълим беришда катта таъсирга эга. Шундай экан, ота-оналар ва мураббийлар фарзандлари билан биргаликда энг гўзал ва олий хулқ эгаси бўлган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларидан юришлари, у зотга эргашишлари ва унинг суннатларини амалий суратда ҳаётларига татбиқ қилишлари лозим.

Болага Исломнинг гўзалликлари ва мукаммаллиги, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шамоиллари ва саҳобаларнинг фазилатларига далолат қилган баъзи саҳиҳ ҳадисларни ёдлатиш. Ҳадислар иймон, хулқ-атвор ва кишиликнинг шаклланишида катта рол ўйнайди. Бу борада қисқа, маънолари аниқ ва равшан, муҳим ахлоқий хусусларни ўз ичига олган ҳадислардан фойдаланиб, болаларнинг ёшларига мос мукофот ва ҳадялар бериш, қизиқтириш усулларини қўлланиб мусобақалар уюштириш мумкин.

Саҳобаларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга муомалалари, ҳурматлари ва ғамхўрликлари ҳақида сўз юритган қиссаларини айтиб бериш. Айниқса, ёш саҳобаларнинг қиссаларини танлаш мақсадга мувофиқдир. Анас ибн Моликнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга қандай қаттиқ эграшгани бунга чиройли мисолдир. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир тикувчи киши таом тайёрлаб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни даъват қилди. Мен ҳам у зот билан бирга бордим. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига арпа нон, қуритилган гўшт ва ошқовоқли шўрва қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг лаган атрофидаги ошқовоқни териб ейишларини кўрдим. Ўша кундан буён ошқовоқни яхши кўраман». Ровийлардан Сумома айтади: «Анас деди: «Мен у зотнинг олдиларига ошқовоқни йиғиб қўя  бошладим” (Бухорий, 5439).

Демак, тарбиячилар саҳобаларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни қандай яхши кўришганини, унинг йўлида ўзларини фидо қилганликларини баён қилишга ва бунга тааллуқли қиссалар айтиб беришга ҳарис бўлишлари фойдали бўлар экан.

Болага бу муҳаббатнинг самараларини ўргатиш. Анас разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир бадавий киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Қиёмат қачон?», деб сўради. У зот: «Қиёмат учун нима тайёрладинг?», дедилар. Ҳалиги бадавий: «Ҳеч нарса, лекин мен Аллоҳ ва Расулини яхши кўраман”, деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сен (қиёмат куни) яхши кўрган кишинг билан бирга бўласан», дедилар. Анас айтади: «Ҳеч нарсага Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Сен яхши кўрганинг билан бирга бўласан», деган сўзларига қувонганимиздек хурсанд бўлмадик”. Анас гапида давом этади: «Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни, Абу Бакр ва Умарни яхши кўраман. Уларнинг амалларидек амал қилмаган бўлсам ҳам, уларни яхши кўрганим сабабли улар билан бирга бўлишни умид қиламан” (Бухорий, 5439).

Болага Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўришга ундайдиган шеър, ҳикоя, хутба ва мақола ёзиш кабилар билан ижод қилишига ёрдам бериш ва бу мавзулардаги турли мусобақаларга қатнашишга қизиқтириш.

Бешинчи рукн:

Охират кунига иймон

 келтириш

Охират кунига иймон келтириш қуйидагиларни ўз ичига олади: ўлиш, қайта тирилиш, ҳисоб-китоб, жазо ва мукофот, сирот, мезон, жаннат ва дўзахга бўлган иймон. Бола оқ-қорани ажратадиган ёшга етганда Охират кунига тааллуқли баъзи масалаларни равшан тушунишни бошлайди. Бу ёшдан олдин эса, бу мавзу ҳақида умумий ва лўнда гапириш афзалдир. Масалан, болага бундан бошқа ҳаётнинг борлиги, Аллоҳ таолонинг мўминлар учун жаннатни, кофирлар учун дўзахни яратганини айтиш мумкин.

Охиратга иймон келтириш мавзусидан боланинг қалбига сингдирилиши лозим бўлган энг муҳим тарбиявий хусуслар қуйидагилардир:

  1. Болага Аллоҳ таолонинг одамларни дунёда қилган амалларига яраша жазо ёки мукофот бериш учун қайта тирилтиришини ўргатиш. Бунда инсоннинг қилган амаллари яхши бўлса яхши, ёмон бўлса ёмон оқибат бўлиши тушунтирилади.
  2.         Болага Аллоҳ таолонинг икром, саодат ва абадийлик ҳовлиси бўлган жаннатни яратгани, у билан мўмин бандаларини мукофотлаши; дўзахни эса кофирлар учун тайёрлаб қўйгани ўргатилади. Бу Аллоҳнинг мўминларга тайёрлаб қўйган жаннат неъматларига қизиқтириш йўли билан амалга оширилади.
  3.         Бола билан ўлим ва охират ҳақида гаплашганда Аллоҳнинг бандаларига раҳмати, мағфирати ва лутфини ифодалайдиган юмшоқ ва мулойим йўлдан бориш мақсадга мувофиқ бўлади. Шунда болани ташвишга соладиган фикрлар қамраб олмайди. Ўлим ва охиратни худди шу босқичлардан ўтадиган тирик мавжудот билан боғлашимиз, лекин бошқа мавжудотлардан фарқли равишда Аллоҳ инсонга вазифа топширгани, бутун коинотни унга бўйсиндиргани ва бунинг эвазига мукофот ваъда қилганини тушунтиришимиз мумкин.
  4.         Аллоҳ таолонинг зулмга рози бўлмаслиги, золимни жазосиз, мазлумни ҳақсиз, муҳсинни савоб ва мукофотсиз ташлаб қўймаслигини изоҳлаш. Бу дунёда золим бўлиб яшаб, золим ҳолда ўлганларни кўрамиз. Албатта, бу дунёдан бошқа ҳаёт ҳам бўлиши керакки, унда яхшилар мукофотини, ёмонлар жазосини ва ҳар бир ҳақ эгаси ҳаққини олсин.

Олтинчи рукн:

қадарга иймон

 келтириш

Қадарга иймон келтириш, Аллоҳнинг илмининг комиллиги, тақдирларни ёзиши, қудрати, яратиши ва хоҳишига иймон келтиришни ўзи ичига олади. Бола илк болалик даврида қазои қадар масалаларини тушунолмайди. Баъзи мутахассислар болалар бу масалаларнинг маъноларини тақрибан тўққиз ёшдан кейингина тушунишлари мумкин, дейдилар. Лекин қазои қадар масаласида болага ўргатилиши лозим бўлган бир қатор тарбиявий масалалар бор:

  1.     Бу мавзуда асос бўлган нарса, Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан келган қуйидаги ҳадисдир: «Бир куни мен улов устида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқаларида эдим. У зот шундай дедилар: «Эй болакай! Мен сенга бир неча калималарни ўргатаман: Аллоҳнинг ҳақларини сақлагин, У зот сени сақлайди. Аллоҳнинг ҳақларини сақла, Уни қаршингда топасан. Агар сўрасанг, Аллоҳдан сўра. Агар мадад тиласанг, Аллоҳдан тила. Шуни билгинки, бутун уммат сенга бирон манфаат етказиш учун жамлансалар ҳам, фақат Аллоҳ таоло сен учун ёзиб қўйган манфаатни етказа оладилар. Қаламлар (ёзишдан) кўтарилган, саҳифалар қуриб бўлган” (Термизий, 2516). Яна бир ривоятда шундай дейилган: «Аллоҳнинг ҳақларини сақла, Уни қаршингда топасан. Фаровон кунларингда Аллоҳни танигин, оғир кунларингда У зот сени танийди. Билгинки, нима сени четлаб ўтган бўлса, унинг сенга тегиши (тақдирда) йўқ эди. Сенга етган нарсанинг (тақдири азалда) сени четлаб ўтиши йўқ эди. Билгинки, албатта ғалаба сабр билан, хурсандчилик машаққат билан қўлга киритилади. Шубҳасиз, оғирлик билан бирга енгиллик ҳам келур” (Аҳмад, 2803).Бу ҳадиси набавий болаларни соғлом ақида асосида тарбиялашга эътибор беришда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларига гўзал йўлланмаларни ўз ичига олган тарбиявий асос ҳисобланади.
  2.         Бу масаладаги асл, болалик чоғида қазо ва қадар масаласига чуқур киришдан узоқ туришдир. Бу мавзуда болага етказиш мумкин бўлган нарсалар шулардир: Аллоҳ таолонинг илмининг ўтмиш ва келажак ҳамма нарсани қамраганини, Унинг қудрати, иҳота қилиши, яратиши ва хоҳишини тушунтириш. Шу билан бирга инсонга ҳуррият берилгани, ихтиёр қилган ишларидан бутунлай ўзи жавобгар бўлиши, бунинг учун савоб ёки жазо олишини умумий тарзда баён қилиш. Лекин бу масала боланинг ақлини чулғаган ва эгаллаб олган бўлса, унда мураббий қазои қадар мавзусини болага унинг ақли етадиган содда мисоллар билан баҳоли қудрат тушунтириб бериши лозим.
  3.         Болага фақат Аллоҳ таолодан сўрашни, ёлғиз Аллоҳдан маддад тилашни ўргатиш. Шунда у дуода Аллоҳ таолога йўналади, Аллоҳга таваккул қилиш, суяниш ва Аллоҳнинг қазои қадарига сабр қилишни ўрганади.
  4.         Болага Аллоҳнинг унга фақат яхшиликни хоҳлашини, унга бу дунёда тақдирида ваъда қилинган нарсагина келишини ўргатиш. Ана шунда болада руҳий танглик, тоқатсизлик кўрилмайди ва қийинчиликларни Аллоҳнинг қазои қадарига рози бўлган ҳолда қарши олади ва қуйидаги оятга аниқ ишонади: «Бизга фақат Аллоҳ биз учун ёзиб қўйган нарсагина етур” (Тавба, 51).
  5.         Болага барча ишларнинг содир бўлиши Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг қўлида эканини, У зот хоҳлаганини қилишини, чунки У мулкида мутлақ сўз соҳиби эканини ўргатиш. Бу нарса боланинг Яратувчиси билан алоқасининг мустаҳкамланиши, Унга йўналиши ва дуо қилиши, Ундан умид этишига олиб келади.
  6.         Қазои қадарга иймон келтириш боланинг руҳида мувозанат ва хотиржамликни пайдо қилади. Мўмин киши ҳар қачон унга яхшилик ёки ёмонлик келганда, бу унинг учун яхшилик эканини ва мутлақ ёмонлик деган нарса йўлигини билса, кўнглида барқарорлик ва хотиржамликни ҳис қилади, олдидан чиққан қийинчиликлар, машаққатлар, ғам-ташвишларни Аллоҳ таолонинг қазои қадарига рози бир қалб билан қарши олишини таъминлайди. Ишларини Аллоҳга топширгани учун хотиржам қалб ва осойишта фикр билан яшайди. Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг қадарига иймон келтирган киши бало-офатлар келганда, мусибатларга дучор бўлганда бетақот бўлмайди, ўзини йўқотмайди ва ғазабланмайди, билъакс, Аллоҳнинг қадарига таслим бўлади, Аллоҳдан савоб умид қилади ва сабрнинг илк зарбада бўлишини хотирлайди. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай дейди: «Сабрли кишиларга хушхабар беринг! Улар шундай кишиларки, бирор мусибат келганда: «Албатта, биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз У зотга қайтгувчилармиз», дейдилар. Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан саловот (мағфират) ва раҳмат бордур. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчилардир” (Бақара, 155-157).
  7.         Бу мавзуни ўргатишда баъзи ҳикоя ва қиссалардан фойдаланишимиз мумкин. Аллоҳнинг тақдири билан бошларига қийинчиликлар келган, сўнгра бу қийинчиликлар сабабли уларга яхшиликлар тақдир қилингани аён бўлган, ҳатто аҳволлари ва ишлари олдингидан ҳам яхши ҳолатга ўзгарган баъзи кишиларнинг ҳикояларини айтиб бериш мумкин.
  8.         Қадарга иймон келтиришни қисқача таърифласак, Аллоҳ таоло ҳамма нарсани умумий ва батафсил суратда билади, азалий илми билан қиёмат кунигача келадиган махлуқотларининг тақдирларини Лавҳи маҳфузга ёзди ва барча жонли-жонсиз мавжудотлар ва ишлар фақат Аллоҳнинг хоҳиши ва яратиши билан юзага келади, деб иймон келтиришдир.
Back to top button