Жавобларга кириш

Аллоҳ таоло болага савол беришни яхши кўриш ва қизиқувчанликни табиат қилиб бердики, бу билан унинг ақли ортиб, маълумот ва тушунчаларни кўп миқдорда ўрганишини мақсад қилди. Болалик чоғи – савол бериш чоғи ҳисобланади. Шу даражадаки, болалик даврида боланинг гапларининг аксарияти саволлардан иборат бўлади. Болалар ўзларини ўраб турган баъзи нарсалар ҳақида маълумотга эга эмасдай ҳис қилишади. Билмаслик эса, қўрқувни келтириб чиқаради. Шу сабабдан, улар бор кучлари билан ўрганишга ҳаракат қилишади. Уч ёшли боланинг ота-онаси, акалари ва опачаларига ҳар куни ўнларча савол берганини ва уларнинг жавобларидан таъсирланганини кўрамиз. Бола ўша жавоблар таъсирида бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтади, бунга савол берган пайтнинг ўзида саволларни ва мавзуларни ўзгартириш билан савол беришда давом этиши далил бўлади. Сиз боланинг ҳар доим «Нимага?”, «Қаерда?», «Қандай бўлди?”, «Қаердан келди?”, «Бу нима?”, «У нима?», «Биласизми?» каби саволлар берганини эшитасиз. Бола эътиборини тортган, кўрган ёки эшитган барча нарсаларини билишни хоҳлайди. Баъзан жавобни тушунса, баъзан тушунмайди, гоҳида жавобни эшитса, гоҳида эшитмайди ҳам.

Бола ўта қизиқувчанлиги билан ажралиб туради. Бу у яшайдиган муҳитга ва мавжуд бўлган имкониятларга қараб кўпайиши мумкин. Агар биз болалигимиздаги саволларимизни уларникига таққосласак, вақт, жой ва илмий тараққиёт фарқли бўлгани сабаб, уларнинг саволларидан ҳайратда қоламиз. Шубҳасиз, тарбиячилар томонидан қўлланиладиган таълим усуллари болаларнинг саволларига ижобий ёки салбий томондан таъсир кўрсатиши очиқдир. Масалан, сўрашга имконият берадиган ва болаларнинг саволларига мамнуният билан жавоб берадиган тарбиячи уларнинг кўнгилларига кириши мумкин. Уларнинг саволларига тоқат қилмай, уларни рад этса ёки жеркиб, бақириб берса, ундан ҳеч ким бирон нарса сўрамайдиган бўлади.

Албатта, болаларнинг ҳамма нарсани билишлари уларга фойдали бўлмаслиги ҳақида барчамиз ҳамфикрмиз. Лекин муҳими, болалар ҳаётларига таъсир ўтказаётган баъзи нарсалар ҳақида савол сўрашдан қўрқмасликлари лозим. Шунингдек, болалар йўқолиб қолиш, йўқотиб қўйиш, ишончсизлик туйғуларини ҳис қилмасликлари ва энг муҳими, улар ота-оналари билан суҳбатлашишда ўзларини эркин ҳис қилишлари керак.

Болаларнинг кўп савол

бериш сабаблари

Болани кўп савол сўрашга ундаган сабабларнинг энг муҳимларини қуйидаги шаклда келтириш мумкин:

  1. Боланинг ақлий ривожланиш эҳтиёжларини қондириш учун изланиш ва кашфиётга интилиши.
  2.         Болаларнинг атрофдаги ҳодиса ва нарсаларни тушунишга бўлган эҳтиёжлари.
  3.         Болаларнинг тажрибасизликлари сабабли баъзи нарсалардан қўрқишлари ва хавотирга тушишлари. Масалан: бола ҳайвонлардан унга ҳужум қилмаса ҳам қўрқади. Шу сабабли ўзини хавфсиз ҳис қилиш учун жуда кўп саволлар беради.
  4.         Гапириш қобилиятнинг ривожланиши. Бир бола кетма-кет саволлар сўраётган бўлса, унинг асл мақсади билмаганига жавоб топиш эмас, балки бу унинг гапиришни машқ қилишга интилаётганидан, қобилиятларини кўрсатиш ва жамиятга аралашишга ҳаракат қилаётганидан дарак беради.
  5.         Боланинг ота-онаси билан ҳиссий алоқа қуришга ва боғланишга эҳтиёжи.
  6.         Боланинг ўзига ва ота-онасига бўлган ишончининг пайдо бўлиши ва ўзини ҳурмат қилишининг шаклланиши.

Болалардаги саволларнинг

 моҳияти

Боланинг саволларини яхши тушунишимиз учун ақлий ва луғавий саволлар билан психологик саволларни бир-биридан ажратиб олишимиз керак. Болалар биринчи гуруҳ саволларни бериш билан бирон нарса ҳақида билишга ёки хабар беришга ҳаракат қилади. Иккинчи гуруҳ саволларнинг мақсади фақат жавоб олиш эмас, руҳий хотиржамликка эришишдир.

Шунингдек, асосий ҳақиқатни аниқлаб олишимиз керак, яъни саволлар аниқ якуний аҳамиятга эга. Биз болани саволга ундаган вазиятни билмасдан саволнинг қийматини билолмаймиз ёки уни тушунолмаймиз ва унинг маъносини аниқлай олмаймиз. Саволнинг ўзи ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаслиги, унинг аҳамияти, қиймати ва далолати уни ўраб турган вазиятнинг табиати ва шароитига боғлиқ бўлиши мумкин.

Болаларнинг саволларининг учта муҳим ғояси бор. Улар қуйидагилар:

  1.          Руҳий мувозанатни рўёбга чиқариш. Зеро, боланинг саволларининг аксарияти руҳий мақсадга йўналган бўлади.
  2.          Хулоса чиқариш. Бола ўрганган янги маълумотлари билан олдинги маълумотлари орасини боғлашга ёки уларни олдингисининг устига бино қилишга ҳаракат қилади.
  3.         Атроф-муҳити ва муҳим ҳаётий масалалар билан танишиш. Бола яшайдиган маданий ва ижтимоий муҳитга кирадиган ахлоқий ва хулқ-атвор қадриятлари билан танишиш шу жумладандир.

Болалардаги

саволларнинг турлари

Болалар томонидан бериладиган саволларни турларга бўлишга ҳаракат қилиш, саволларнинг турларига кўра тартиб билан жавоб беришда фойдали бўлади. Болалардаги саволларни қуйидаги турларга бўлишимиз мумкин:

  1.         Лингвистик характердаги саволлар. Масалан:                                                                                       Бу нарсалар нимага бундай номланган?  Бу номларни нимага ўзгартирмаймиз?  Нимага бошқа тил ихтиро қилмаймиз?
  2.         Борлиққа доир саволлар. Масалан:                                                                                             Қаердан келганмиз? Қаерга кетяпмиз?  Болалар қандай дунёга келади?  Ўлим нима дегани?               Коинот ўзи нима?
  3.         Норозиликни акс эттирувчи саволлар. Бундай саволлар одатда катта учун рухсат бўлган нарсаларни болалар учун тақиқлангани сабабли юзага чиқади. Бу саволлар савол беришдан кўра катталарга тақлид қилишга интилиш сабабли юзага келади.
  4.         Синаб кўриш мақсадидаги саволлар. Бу саволлар оиласидагиларнинг қудратини билиш ва уларнинг заиф томонларини танқид қилиш мақсадида сўралади. Бу саволлар кўпинча боланинг ота-онасини тенгдошларининг ота-оналари билан, уларнинг моддий ва жисмоний имкониятларини таққослаш билан ўртага чиқади.
  5.         Болаликдаги қўрқувлардан келиб чиққан саволлар. Болалар ичларида кун сайин ўсиб бораётган хавотир туйғусини кетказиш мақсадида саволлар беришади. Болаларни энг кўп ташвишга соладиган нарсалардан бири, ота-онадан бирининг йўқлиги ёки улардан бирининг ташлаб кетишидир.
  6.         Танани ўрганишга доир саволлар. Боланинг ўз жисмини ўрганиш мақсадида сўрайдиган дастлабки саволлардан бири, икки жинс орасидаги фарқларга тааллуқли саволлардир.                                  Ушбу тасниф ота-оналарга болалари томонидан берилган саволнинг асл мақсадини тушунишга ёрдам беради. Зеро, болалар саволни қуруқ сўраб қўймайдилар, аксинча, жавобни тушунишга ҳаракат қиладилар.

Нима сабабдан ота-оналар болаларнинг саволларини эшитмасликка оладилар?!

Болаларнинг саволларини эътиборсиз қолдириш ва саволларини ёқтирмаслик, баъзан жавобни, унинг аҳамиятини, психологик ва тарбиявий ролини билмаслик билан боғлиқ эмас, балки булардан бошқа бир қанча сабаблар бор. Уларнинг энг муҳимлари қуйидагилар бўлиши мумкин:

  1.          Катталарга болаларнинг саволлари ғалати ёки аҳамиятсиз ёхуд ножиддий туюлиши. Бу нарса саволларни аҳамиятсиз ҳисоблашга ёки уларга эътибор бермасликка сабаб бўлади. Натижада, катталар болаларнинг содда ва очиқ бир шаклда ўзларини ифодалашларига йўл қўймаслик билан уларнинг ҳуқуқларини поймол қилишади. Бу ёндошув, катталар маҳкам ёпишиб олган ақлий ҳукмронлик кўринишларидан биридир. Катталар болаларнинг содда саволларининг маълумот олиш ва уларни ўраб турган дунёни кашф этишга бўлган самимий истакларидан келиб чиққанини унутиб қўйишади. Боланинг саволларининг дарҳол жавоб олиниши керак бўлган психологик мақсадлари бўлиши билан бирга, бола қачондир йўқотган ички мувозанатни қайта тиклашида ҳам ўта муҳимдир.
  2.          Катталарнинг бола берган саволларни қийин деб билишлари. Агар савол маълум бир маданият доирасидаги ижтимоий ёки ахлоқий тақиқларнинг бирон жиҳати билан боғлиқ ва бу ҳақида муайян бир ёшдагина гапиришга рухсат бериладиган савол жумласидан бўлса, савол катталарга қийинчилик туғдириши мумкин. Болаларнинг уят деб ҳисобланган саволлари катталарни нима дейишни билмайдиган ноқулай аҳволга солиб қўяди. Шунинг учун катталар бунга ўхшаган саволларга жавоб бера оладиган маълумотга эга бўлишлари ва ўзларини бу борада яхши тайёрлашлари керак.
  3.          Баъзида болаларнинг ортиқча ва кетма-кет савол беришларига катталарнинг эътиборсизликлари сабаб бўлади. Агар катталар бу саволларнинг психологик нуқтаи назардан муҳимлигини билсалар эди, улар бошқача йўл тутган бўлардилар. Яъни, болаларни савол беришда давом этишларига далда берган, ҳатто таъбир жоиз бўлса, болаларнинг эшитиладиган товушда ўйлашларини хоҳлаган бўлардилар.
  4.          Катталарнинг болаларнинг саволларига етарлича аҳамият бермасликлари сабабли, болалар ушбу саволларнинг баъзиларини тўғридан-тўғри эмас, балки билвосита ноаниқ шаклда сўрайдилар.
  5.          Ота-оналарнинг жавоб беришдан қочишлари, саволнинг жавобини билмасликлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шунинг учун биз уларга: «Болаларингизнинг саволларига жавоб изланг, уларга кутган жавобларини омонат ва ростгўйлик билан билдиринг”, деймиз.
  6.          Саволларнинг ақлий қобилиятлари чегараларидан ошадиган ўта мавҳум ва қийин жавобларни талаб қилиши. Шунинг учун, ота-оналар бу саволнинг боланинг ақлига қандай келгани ҳақида ўйлашни бошлайдилар ва охир-оқибат, саволни жавобсиз қолдирадилар.

Ота-оналар боланинг саволларига қандай ёндошишлари лозим?

Ота-оналарнинг вазифаси – болаларнинг саволларига тўғри жавоб беришдир. Шунингдек, болаларнинг иймон масалалари бўйича саволлари атрофида мунозара ва мулоқот қилиш йўлларини яратиб, уларга дин ҳақидаги фикрларини гапиришларига ёрдам беришлари керак. Бу эса болаларга ишонч ва хотиржамлик беради ва динни тўғри тушунишларига сабаб бўлади. Натижада, болалар динда мўътадил бўлиб, бепарволик ва чуқур кетишдан саломат бўладилар. Ота-оналар боланинг динга тегишли саволларининг ҳаммасига тўғри жавобларни билишлари шарт эмас. Лекин болаларнинг Аллоҳга бўлган мустаҳкам иймонда улғайишлари учун уларга иймон арконларини шарҳлаб беришлари лозим. Ота-оналар тўнғич фарзандларига боланинг саволларини ёзиб бериш вазифасини топширишлари нақадар гўзал! Айниқса, эътибор ва далда олган болалар бу вазифани бажонидил қабул қиладилар ва бундан завқ оладилар. Бошқа томондан эса, бу вазифа болалар сўрайдиган саволларнинг қийматини билиш билан бирга, келажакда ота-она бўлганларида ўз фарзандларининг саволларига эътибор беришлари кераклигини ўрганадилар. Яна бошқа томондан, бизда уларга жавоб топишда ёрдам берадиган саволлар тўпланади ва ундан кейинги укалари ва сингилларининг саволларини тахмин қилишимиз ва уларга тайёрланишимизга кўмак беради. Биз унинг олдинги саволларидан бирига ундан олдин жавоб берганимизда бола жуда бахтиёр бўлади.

Унинг саволларига сифатли жавоб беришга эътибор қаратиш, унга ва у билан бўлган муносабатларимизга катта таъсир қилади ва келгуси йилларда болани, айниқса, ўспиринлик чоғида шубҳали манбалардан маълумот олиш ўрнига, ота-онани унинг биринчи ва ишончли билим манбаига айлантиради.

Бу ерда ота-оналар эътибор беришлари керак бўлган бир масала бор: болаларнинг икки турдаги саволларини бир-биридан ажратиш зарурати.

Биринчиси: бола мунтазам такрорлайдиган ва дарҳол жавоб берилиши керак бўлган саволлар. Бола уларни уйидагилардан бир нечтасига берган бўлиши ва жавоблардан яна бошқа саволларни келтириб чиқарган бўлиши мумкин.

Иккинчиси: вақти-вақти билан бериладиган, бошқа мавзу ҳақида гап бошланганда унутиладиган саволлар.

Биринчи турдаги саволларни эътиборсиз қолдириш оқилона эмас. Балки унга жавоб беришга интилишимиз, жавоб беролмасак, турли манбаларга ёки унга чиройли жавоб бера оладиган кишига мурожаат қилишимиз лозим. Бу муҳим тарбиявий аҳамиятга эга.

Вақти-вақти билан бериладиган саволларга келсак, уларга жавоб бермай кетишнинг, айниқса, бола тушуна олмайдиган нарсалар ҳақида гап кетганда зарари йўқ.

Болаларнинг саволлари

 билан ишлаш

асослари

Ота-оналар болаларнинг саволларига жавоб беришда риоя қилишлари ва эътибор беришлари керак бўлган бир қатор асослар ва қоидалар мавжуд. Жумладан:

  1.         Ҳурмат қилиш асоси. Ота-она боланинг саволларига қулоқ солар экан, унинг ташвишларига ҳамдард эканликларини, саволларига ҳурмат кўрсатиб, қадрлаганларини болага ҳис қилдиришлари лозим. Бу ҳамдардлик болада психологик мувозанатни, хотиржамликни, ота-онасига ва ўзига бўлган ишончни орттиради. Тез орада боланинг савол беришида аниқликни ва суҳбатлашишида мантиқий изчилликни кўрамиз.
  2.         Ишонч ва хотиржамлик асоси. Ота-оналар фарзандларига берган жавобларида маълум ва таниш бўлган сўзларни қўлланишга ва маълумотларни тўғри илм доирасида соддалаштиришга эътибор беришлари лозим. Жавобнинг тўғрилиги охир-оқибат барқарорлик, ишонч ва психологик хотиржамликни рўёбга чиқаради.
  3.         Болаларга хос бўлган сабабларни муолажа қилиш. Масалан, улар яшаётган вазиятдан келиб чиқадиган сабаблар: оилада янги чақалоқ дунёга келишидан хавотир олган ва хафа бўлган бола: «Болалар қаердан келади?”, деб сўрайди. Унинг муаммосини шунчаки илмий жавоб билан ҳал қилиб бўлмайди. Балки боланинг эҳтиёжи, уни бу саволни беришга ундаган ҳақиқий сабабнинг кўриб чиқилиши ва унга алоҳида эътибор берилишидир.                                                                                         Катталар болаларга тақдим қилишлари мумкин бўлган энг яхши нарса – уларга ақлларини ёритишга ёрдам беришларидир. Бу нафақат ҳикоялар ва қиссалар айтиб бериш ва тўғри билимлар бериш орқали, балки фикрлашни машқ қилдириш, таклифлар бериш, ҳодисаларнинг ташқи кўринишигагина қаноатланиб қолмасликка одатлантириш ва ушбу ҳодисанинг орқасида нима борлиги ҳақида тафаккур қилишга ўргатиш билан бўлади. Шунингдек, бола билан ижобий алоқа, натижали мунозара, мазмунли суҳбат ва ўзаро фикр алмашиш ичида бўлиш лозим. Шу билан бирга ота-оналарнинг болаларни фикрлашга қизиқтирадиган саволлар беришлари ҳам уларга манфаатли бўлади.

Яна, саволларга кўпроқ жавоб беришни йўлга қўйиш мумкин. Бу оила аъзолари йиғилган мажлисда амалга оширилади. Ота-она боладан савол беришини сўраши ёки бола нима ҳақида сўрашини таклиф қилиши мумкин. Модомики, савол-жавоб чуқур ва нозик масалалар ҳақида бўлмас экан, ҳамма савол-жавобда қатнашишни давом эттираверади. Лекин акаларидан бирининг боланинг содда саволини масхара қилиб, уни хижолатга солмаслиги, уялтирмаслиги жуда муҳим. Агар шунга ўхшаш ҳолат юз берса, ота-она фарзандининг ёнида туриб, унинг жасоратини мақташи, ҳаммамизнинг савол сўрашга эҳтиёжимиз борлигини ва Аллоҳ таолонинг ушбу сўзини эслатиши мақсадга мувофиқ бўлади: «Сизларга жуда оз илм берилгандир” (Исро, 85).

Коллектив савол-жавобда бир қатор мақсадларга эришамиз, уларнинг дастлабкиси – болаларнинг саволларини билиб олишдир.

Суҳбатлашиш

 асосида тарбия

Болалар учун энг муносиб услуб – баҳс-мунозара ва савол-жавобга асосланган суҳбат услубидир. Чунки суҳбатлашиш тилни равонлашишига ва таълим санъати бўлган малакани ҳосил қилишга ёрдам беради. Шу билан бирга суҳбатлашиш, болани манфаатига яқинлаштиради ва мақсадларига эриштиради. Суҳбат асносида бола ҳурмати жойига қўйилганини ҳис қилиши керак. Бу нарса қўрқув ва андишадан, руҳий тушкунлик каби психологик нотурғунликлардан халос этади. Бола суҳбат ва басҳ-мунозара асносида ўзини хотиржам ҳис қилса, ичидаги курашлар ва муаммоларни суҳбатдошига тўкиб солади. Суҳбатдошларнинг ҳар бири муаммонинг сабабларини билиб, очиқчасига гапирсалар, бола ўзига тааллуқли ҳамма нарсани айтиб беради. Шу тариқа муаммонинг ечими енгил бўлади ва муваффақият қозониш осонлашади.

Бола билан ота-онаси ўртасидаги мулоқот оилага бир қанча ютуқларни олиб келади. Шу жумладан:

Ўзаро танишиш. Бола оиланинг қолган аъзоларига янада яқинроқ бўлади.

Улфат бўлиш. Мулоқот оила аъзолари ўртасида улфатни кучайтиради, бир-бирларига меҳр-муҳаббат ва яқинликни пайдо қилади.

Хушмуомалалик. Суҳбатлашишдан мурод, фақат расмий муҳитни пайдо қилиш эмас, билъакс, ҳақиқий маънодаги суҳбат, ширин сўз ва хушмуомалалик билан бўлади.

Юқоридагилардан маълум бўладики, ўзаро суҳбатлашиш асосидаги тарбия қуйидаги жиҳатлар билан ажралиб туради:

  1.         Суҳбатлашиш болага фикрлаш эркинлигини ва ўзидаги ҳақиқатларни кашф қилиш имконини беради. Шу билан бирга ижодкорликка ва шахсиятининг ривожланишига туртки беради.
  2.         Суҳбатлашиш содда ва машаққатсиздир. Бола бемалол, уялмасдан суҳбатлаша олади.
  3.         Суҳбатлашиш болаларнинг кўнгилларига қувонч олиб киради ва уларга бошқаларни тинглашни ўргатади.
  4.         Суҳбатлашиш изланиш ва мустақил фикрлаш имкониятларини беради. Шу тариқа бола ҳодисаларни турли жиҳатлардан кўра олади ва мантиқ билан фикрлашга одатланади.
  5.         Суҳбатлашиш боланинг эътиборини уйғотиб, уни бепарволик ва бефарқликдан сақлайди. Уни фаол ва ҳаракатчан бўлишига ундайди.

Суҳбатлашишда ишлатиладиган

 савол шакллари

Болаларга берилиши мумкин бўлган бир қанча савол шакллари мавжуд. Улардан баъзилари:

–  «Нима бўлди?». Бу савол шакли болани атрофида юз берган воқеалар ҳақида фикрлашга ундаш билан бирга кўрган нарсаларини бевосита тасвирлаб беришига ёрдам беради.

–  «Нимани хоҳлайсан?». Бу савол шакли боланинг эҳтиёжлари нималигини аниқлашга ёрдам беради.

–  «Буни қандай қиласан?». Бу савол боланинг эркин фикрлашига ёрдам беради ва жавоб ҳақида изланишга ундайди.

–  «Бу қандай рўй берди?». Бу савол болага нарсаларнинг ташқи кўринишини четлаб ўтиб, унинг сабабларини излашга ёрдам беради. Шу тариқа у ҳодисаларни таҳлил қилишни ва ҳодисалар орасидаги алоқаларни боғлашни бошлайди.

–  «Агар бундай бўлса, нима қилган бўлардик?». Бу савол болага воқеаларни қайта кўриб чиқишга ва масалага турли жиҳатлардан назар солишига ёрдам беради.

Хулоса қилиб айтганда, болага берилиши мумкин бўлган саволлар ҳар хил экан. Лекин болаларга суҳбатлашиш орқали таълим бериш жараёнида умид қилинган самарани берадиган сифатли саволларни сўраш мақсадга мувофиқдир. Бундай саволларнинг энг муҳим хусусиятлари қуйидагилардир:

  1.         Саволнинг имкор қадар қисқа бўлиши.
  2.         Очиқ, аниқ ва битта мавзу доирасида бўлиши.
  3.         Боланинг ёшига, у яшаган замон, макон ва вазиятга муносиб бўлиши.
  4.         Тўғри ёки нотўғрилигини талаб қиладиган савол бўлмаслиги, аксинча, болага жавобни тасаввур қилишига имкон берадиган, унинг онгини ҳаракатга келтирадиган ва дунёқарашини кенгайтирадиган савол бўлиши лозим.

Болаларнинг саволларига

 жавоб бериш услублари

Юқорида саволлар, уларнинг турлари, шакллари ва ҳоказолар ҳақида сўз юритдик. Бу ўринда жавоблар ҳақида гаплашамиз. Чунки вақт, жой ва ҳолатга қараб болаларнинг саволларига кўп услублар билан жавоб бериш мумкин. Бу услубларнинг энг машҳурлари қуйидагилардир:

  1. Тўғридан-тўғри оғзаки жавоб. Бу энг кенг тарқалган жавоб услубларидан биридир. Яъни, бола савол беради, ота-онаси эса унга оғзаки жавоб беришади. Бу жавоб кўпинча тез берилади ва қисқа бўлади.
  2.         Кичик ҳикоя орқали жавоб бериш. Бу услубда саволларга билвосита жавоб берилади. Лекин ҳикоя, берилган саволнинг табиатига мутаносиб бўлиши лозим. Болалар, одатда, бу турдаги жавобларни яхши кўрадилар ва уни иштиёқ билан тинглайдилар.
  3.         Тасвирий жавоб. Бола баъзан расмлардан фойдаланган ҳолда жавоб беришни тақозо қиладиган саволни бериши мумкин. Масалан, илмий саволларга бериладиган жавобларда маълумотнинг асосини расмлар ташкил қилиши мумкин. Бу ҳолатда расмлардан фойдаланиб жавоб берилади, айниқса, ранг-баранг ва жозибали расмлар бўлса, янада қизиқарли бўлади.
  4.         Кузатиш орқали жавоб бериш. Баъзан саволнинг жавоби, фақат болани тегишли жойга олиб бориш билан берилиши мумкин бўлади. Бундаги мақсад, боланинг жонли/жонсиз мавжудотларни ёки ҳодисаларни жойида кузатиши билан жавобни топиши таъминланади. Масалан, боланинг атрофдаги ҳайвонлар, уларнинг қандай яшашлари, нималарни ейишлари ва қандай кўпайиши ҳақидаги саволларига мазкур шаклда жавоб берилади.

Жавоб беришда ёдда тутиш

керак бўлган

умумий кўрсатмалар

  1.          Мунозара, савол бериш ва изоҳлаш усулларидан фойдаланиш билан ишонтирувчи бўлишга ҳаракат қилинг ва айтиб туриш услубига суянманг. Жавоб бериб бўлганимизда боланинг берилган жавобдан қониққанига ишонч ҳосил қилишимиз лозим.
  2.          Жавобингизда ростгўй бўлинг. Уятдан қочиб, болага ёлғон гапирманг. Нима бўлишидан қатъий назар, тўғри маълумот беришга ҳаракат қилинг. Зеро, жавобларнинг тўғри ва аниқ бўлиши, фарзандингизнинг сизга ишончини орттиради.
  3.          Жавобнинг содда бўлишига эътибор беринг. Жавоб боланинг ақл даражасига мос ва тушуниш осон бўлсин. Унинг фикрини чалкаштириб юборадиган ноаниқ ифодалардан узоқ туринг. Бола ҳали кичкина ва тўғри тушунмайди, деган баҳона билан ярим-ёрти маълумотларни бермасликка ҳаракат қилинг, чунки бу маълумотлар бола онгига ўрнашиб қолади.
  4.          Фарзандингизга нодонга қилинадиган муомалани қилманг. Агар етказиш услубингизни яхшиласангиз, у сиз айтган нарсаларни тушунади. Унинг саволига бузмасдан, тўғридан-тўғри жавоб беришга ҳаракат қилингки, бола мавзудан ташқаридаги чиқмас лабиринтларга кириб қолмасин.
  5.          Фарзандингизни, нима бўлишидан қатъий назар, саволи билан айбламанг, масхара қилманг ва жеркманг, аксинча, ҳар доим унинг барча саволларига жавоб беришга тайёр эканингизни унга ҳис қилдиринг. Масхаралаш боланинг ўзига бўлган ишончини йўқотишига, қизиқиш ва изланиш иштиёқини пасайишига сабаб бўлади.
  6.          Боланинг Яратгувчи ҳақида савол беришидан ёки Унинг мавжудлигини идрок эта олмаслигидан ташвишланманг ва болага жавоб беришдан қочманг. Чунки бу, унинг бошқа жойлардан ва турли манбаларни маълумот қидиришига олиб келади.
  7.          Жавобни топиш учун боладан сизга вақт беришини сўрашдан тортинманг. Шуни билингки, илмни қидирувчи киши илмни даъво қилган жоҳилдан яхшироқдир. Болага: «Бироз кутиб турсанг, сенга тўғри жавобни топиб, айтаман”, дейишингизнинг уят жойи йўқ.
  8.          Болаларнинг саволларига эътибор беринг, уларни тингланг, эътиборсиз қолдирманг ва ўзингизни билмасликка олманг. Болани руҳан ва жисмонан қучоғингизга олишингиз, унга тушуниши қийин бўлган нарсалар ҳақидаги изоҳингизни қабул қилишига ёрдам беради.
  9.          Агар чиндан ҳам банд бўлсангиз, унга ҳозир саволларига жавоб берадиган вақт эмаслигини мулойимлик билан тушунтиришингиз даркор. Ишдан бўшаган заҳотингиз унга жавоб беришга интилинг.
  10.          Зарурат бўлмаса, батафсил маълумот беришдан ва гапни чўзишдан сақланинг. Яъни, олти ёшли боланинг саволларига бериладиган жавоб, ўн ёшли боланинг саволларига бериладиган жавобдан қисқа ва лўнда бўлиши керак ва ҳоказо. Албатта бу ҳолат, ғайб масалалари ва шунга ўхшаган мавзулар каби кенг, батафсил ва далиллар билан жавоб бериш керак бўлган саволларга тегишли. Баъзи саволларга келсак, уларнинг жавоблари аниқ ва барча ёшдаги болаларга айтиш мумкин бўлади.
  11.          Саволларга берилган жавобларни иложи борича бола тушунадиган воқеий нарсалар билан боғланг ва бу ёшда тушуниши қийин бўлган мавҳум нарсалардан узоқ туринг. Иложи борича жавобларни илм тасдиқлаган далиллар билан дастаклашга ҳаракат қилинг, шунда мантиқли жавоб берган бўласиз.
  12.          Болага маълумотларни беришда ота-она ўртасида ҳамфикрлик бўлиши. Яъни, болага жавоб беришда ота-онанинг фикрлари орасида зиддият бўлмаслиги лозим.
  13.          Боланинг саволларига бошқа бир савол билан жавоб бермаслик. Масалан, ота боланинг саволига: «Сен нима демоқчисан?”, деб жавоб бериши. Бу ҳолатда бола саволни отасига етказа олмаганини ўйлаб, шашти тушади. Чунки бола, гапларини ота-онасига тушунтирмаса ҳам тушунишлари керак, деб ўйлайди. Агар ота-онадан бири фарзандининг саволини тўғри тушунганига ишонч ҳосил қилмоқчи бўлса, «Сен бундай демоқчисан шекилли”, жумласига ўхшаган аниқлаш ифодасини ишлатгани яхши.
  14.          Ота-она боланинг маълум бир саволига жавоб беришганида, болага ўзларининг фикрларини қайсарлик билан ўтказмасликлари лозим. Бундай ҳолатда бола маълумотни бошқа манбадан ва ота-онасининг услубидан фарқли йўлдан олиши мумкин. Бу ҳолатда болани ота-она томонидан осон ва содда тарзда келган жавобга ишонтирилиши лозим бўлади. Бунинг акси йўқ.
  15.          Саволга маъруза шаклида эмас, гаплашиш тарзида жавоб беришга интилинг. Кўпроқ мисоллар келтиринг, қиссалар айтиб беринг ва суратли илмий энциклопедиялардан фойдаланинг, шунда тушунтирмоқчи ва етказмоқчи бўлган нарсаларингиз боланинг онгига етиб боради. Шунингдек, интеркатив ўйинлар, теарт, расм чизиш, бош қотириш, ашула, ақлий гимнастика, ақл ишлатадиган ўйинлар, кесиш ва ёпиштириш, фотосурат ва бошқалар билан жавобни бойитишингиз лозим. Маълумотни ўргатишдаги хилма-хиллик боланинг тафаккурини шакллантиради, ривожлантиради ва маълумотларни боланинг ақлида мустаҳкам ўрнашишига сабаб бўлади.
  16.          Баъзи саволларга бирданига эмас, аксинча, аста-секин, бирма-бир жавоб берилади. Агар янада кўпроқ изоҳлашга тўғри келса, жавоблар боланинг ёшига, савол турига ва тушуниш даражасига қараб кўпайтирилиши мумкин.
  17.          Бола бироз каттариб, маълум даражада улғайганда, саволи ҳақидаги фикрни дастлаб унинг ўзидан сўраш мақсадга мувофиқ бўлади. Ўзининг саволига қандай муносабатда бўлишини кўриш учун саволини боланинг ўзига берамиз. Унинг саволга муносабати орқали жавобга ўтишимиз мумкин. Болани бизнинг ақлимиз билан ўйлашга мажбурлашдан қутулишимиз даркор. Чунки бу, болани ўзига тегишли бўлмаган қиёфага киришига сабаб бўлади.

 

Жавоб бериш асносида йўл

қўйиладиган тарбиявий

хатолар

Таълим ва тарбия беришда йўл қўйиладиган энг муҳим хатолар қуйидагилардир:

– Тарбиянинг турли жиҳатларини ҳисобга олмаслик. Тарбиянинг иймоний, ахлоқий, илмий томонлари бор. Фақат бир томонга эътибор қаратиб, бошқа жиҳатларни тарк қилиш ёки уларнинг орасидаги номутаносиблик хатодир.

– Тарбияда кетма-кетлик ва босқичма-босқичликнинг бўлмаслиги, кўп танбеҳ бериш ва айблаш.

– Гап-сўзсиз ва эътирозсиз гапимизга қулоқ солишини хоҳлашимиз.

– Мутахассислар ва тажрибали кишилар билан маслаҳатлашмаслик, шошқалоқлик ва кузатувнинг заифлиги.

– Тарбия ва йўл-йўриқ кўрсатиш асносида ноаниқлик, сўзларимизнинг амалларимизга тўғри келмаслиги, салбий ва кўнгилсиз хабарлар берилиши.

Буларнинг барчаси боланинг руҳиятида тарбиявий ва иймоний жиҳатига салбий таъсир қиладиган жиддий хатолардир.

Back to top button