Боланинг иймоний Тарбияси

Мазмун жиҳатидан тарбия мавзуларининг энг муҳими боланинг иймоний тарбиясидир. Чунки у яхши одатларни шаклланиши ва ўзлаштирилишини, тўғри ақиданинг қалб ва онгнинг тўрига ўрнашиши ва сингишини, барча ишларда устун гўзал ахлоқли бўлишини таминлайди. Мана шу болалик даврида дунёқараш юзага келади, сўнг хулқ-атвори, юриш-туриши ва муомалалари унинг устига қурилади. Кишининг дунёдаги бахтиёрлиги ва охиратдаги ютуғи воқеий ҳаётида амалга оширган ишларига қараб бўлади. Бунинг амалга ошишига ёрдам бериш эса, ота-оналарнинг вазифасидир. Дарҳақиқат, Қуръони карим бу масалага алоҳида эътибор қаратган. Аллоҳ таоло деди: «Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида амр қилур” (Нисо, 11). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бу масалани очиқ-ойдин баён этганлар: «Шубҳасиз, ҳар бир туғилган бола фитрат (соф табиат) билан туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёхуд мажусий қилади” (Бухорий, 1358).

Бу ҳадис бир қатор нарсаларга далолат қилади. Улар:

  1.         Иймон инсоннинг табиатидир. Уни ўзгартирганлар башарий офатлардан бирига дучор бўладилар.
  2.         Ҳадис ота-онанинг тарбиядаги масъулияти ва ролининг катталигига эътибор қаратмоқда.
  3.         Ҳадис тарбияда муҳитнинг таъсири катталигига ишора қилмоқда.

Инсон қалбининг илк кунданоқ ҳеч қандай ҳужжат ва далилга эҳтиёж ҳис қилмасдан иймонга очиб қўйилгани Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг фазли марҳаматидандир. Шундай экан, ота-оналар фарзандларини энг яхши суратда асрашлари, бу соғлом фитратни покиза ҳолда сақлашлари ва уларни Қуръон ва Суннатдаги очиқ оят-ҳадисларга асосланган тўғри дин узра тарбиялашлари лозим. Шунингдек, ота-оналар тушунчаларини номаълум жойлардан олган атроф-муҳитининг тарбиясига таянмаслиги ва ишонмаслиги лозим. Тақлид устига қурилган мусулмончилик, дунё бир-бирига яқинлашган ҳамда ҳамма томонга очилган бир замонда бузилишлардан, мусулмон кимлигининг эриб кетиши ва шахсиятнинг заифлашишидан ҳимоя қилолмайди.

Боланинг покиза қалби нақш ва суратлардан холи бўлган қимматбаҳо тош бўлиб, ҳар қандай нақшни, яъни ҳар қандай ишловни қабул қилаверади. Агар унга яхши хулқ ва одатлар ўргатилса, бола яхшилик узра улғаяди ва дунё-ю охиратда бахт-саодатли бўлади. Ота-онаси, барча устоз ва ўқитувчилари унга унинг савобида шерик бўлишади. Борди-ю, бола ёмонликка одатлантирилса ҳамда ҳайвонлар сингари беэътибор қолдирилса, бахтсиз бўлиб, ҳалокатга юз тутади. Бунинг гуноҳи ота-онаси ва тарбиячиларининг бўйнига тушади. Чунки болани тўғрилашнинг энг қулай пайти ёшлик давридир. Бола ўз ҳолига ташлаб қўйилса, билганидай яшаб, ёмон хулқда қотса, кейин уни қайтариш жуда қийин бўлади.

Тўғри исломий таълимотга риоя қиладиган, иймонан кучли оилада улғайган бола, ҳамма нарсада ота-онасига тақлид қилади ва ўз тушунчаларини ота-онасининг дунё қарашига мувофиқ шакллантиради. Афсуски, диний тушунчаларни қаттиқ ва кескин йўл билан ўргатишга ҳаракат қилаётган ота-оналарни ҳам учратамиз. Бу нарса болаларда тескари натижага олиб келади. Шунингдек, бола диний асосларга риоя қилинмаган оилада улғайса, мустақил равишда динга қизиқиши қийин бўлади. Негаки, бола ёшлигида диннинг таъсирини кўрмагандан унда бирорта диний фикр шаклланмайди

Болаларда диний

Ривожланиш

Болада дин Аллоҳнинг борлиги ҳақидаги фикр билан бошланади. Сўнгра кўп ўтмай, яратилиш, охират, фаришталар ва шайтонлар ҳақидаги фикрлар пайдо бўла бошлайди. Болаларда диний ривожланиш кўринишлари тўртта хусусиятда намоён бўлади:

        Воқеийлик. Бола диний тушунчаларни ҳис қилинадиган воқеий деб билади. Бола улғайган сари мавҳум нарсаларни тушуниши аста-секин ривожланади ва ҳақиқатни идрок этади. Ўсмирлик даврига келганда бу нарсаларни янада кенгроқ тушунади.

                Шаклийлик (тақлидчилик): болалар катталарнинг ибодат ва дуоларига маъноларини билмаган ва уларнинг юксак руҳиятини ҳис қилмаган ҳолда шаклан тақлид қиладилар. Тарбиячи болаларнинг бу даврдаги катталарга интилиш хусусиятларидан фойдаланиб, уларга Ислом арконлари ва ахлоқини ҳамда иймон арконлари ва далилларини ўргатиши мақсадга мувофиқ бўлади.

  •         Манфаатчилик: болалар баъзи ибодатларни адо этиш билан ота-онаси, ўқитувчиси ва атрофидагиларни хурсанд қилаётганини билади. Шу сабабдан буни уларнинг муҳаббатини қозониш, баъзи манфаатларга эришиш ёки жазодан қутулиб қолиш учун қилади.
  •         Боғлиқлик: бола динига мансуб бўлиш ва дўстликка бўлган ички фитрий эҳтиёжи билан боғланади. Мансуб бўлиш кўринишларининг энг олийси, Аллоҳ азза ва жаллага дўст бўлишдир. Юқорида айтиб ўтилганлардан, иймоний тарбияга эътибор қаратишнинг аҳамиятини, ота-оналар ва мураббийлар ёшларни иймонга яқинлаштиришга жиддий ҳаракат қилишлари лозимлигини англаб етамиз. Айниқса, фитналар, чалғитадиган нарсалар ва турли-туман кўнгилхушликлар кўпайган бир замонда бу масала янада аҳамиятли. Ота-оналар қилишлари лозим бўлган муҳим ишлар қуйидагилардир:
  • Биринчи: боланинг руҳида тавҳид калимасини таълим беришда асос бўлган фитратни жонлантириш.
  • Иккинчи: Аллоҳ муҳаббати ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам муҳаббатини мустаҳкамлашга ва Қуръонни ўрганишга ундайдиган иймон ва унинг олти рукнини кучайтириш.

Инсоннинг руҳида мавжуд бўлган диний фитрат тарбия ишларида ота-оналарга ёрдам беради. Соғлом фитрат эътиқод қилишнинг инстинкт (ички ҳис, майл) эканини кўрсатади. Бу майл ҳам бошқа майллар каби ўзгартириш ва алмаштиришни қабул қилмайди, фақат ривожлантириш ва йўллантиришни қабул қилади, холос. Бу фитрат яратилиш мақсадидан бошқа тарафларга қўлланилиши мумкин. Шу сабабдан Ислом, фитратни яратилиш мақсади томонга йўналтиришга чақиради (яъни, тавҳидга чорлайди).

Мусулмон боланинг иймоннинг олти рукни асосида улғайиши энг муҳим масалалардан ҳисобланади. Бу рукнларнинг энг муҳими Аллоҳ таолога иймон келтиришдир. Аллоҳга иймон келтириш ва Аллоҳни яхши кўриш ҳосил бўлгандан кейин, иймоннинг қолган рукнлари ўртача чиқади. Аллоҳ Ўз муҳаббатини иймон ва бўйин эгиш асосларининг энг мустаҳкамларидан қилди. Бошқача қилиб айтганда, Аллоҳни яхши кўриш, Аллоҳга ибодат ва душманларига адоват қилиш учун шартдир. Бу муҳаббат дунёдаги барча муҳаббатдан устун бўлиши лозим. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган: «(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Агар ота-оналарингиз, болаларингиз, ака-укаларингиз, жуфтларингиз, қариндош-уруғларингиз ва касб қилиб топган мол-дунёларингиз, касод бўлиб қолишидан қўрқадиган тижоратларингиз ҳамда яхши

кўрадиган уй-жойларингиз сизларга Аллоҳдан, Унинг пайғамбаридан ва Унинг йўлида жиҳод қилишдан суюклироқ бўлса, у ҳолда то Аллоҳ ўз амрини (яъни, азобини) келтиргунича кутиб тураверинглар. Аллоҳ итоатсиз қавмни ҳидоят қилмас” (Тавба, 24). Аллоҳ улардан рози бўлган бандалари ҳақида сўз юритганда, уларнинг биринчи сифатлари Аллоҳни яхши кўришлари эканини айтди: «Эй мўминлар, сизларнинг ичингиздан кимда-ким динидан қайтса, Аллоҳ бошқа бир қавмни келтирурки, Аллоҳ уларни яхши кўрур, улар Аллоҳни яхши кўрурлар. Улар мўминларга ҳокисор, кофирларга эса қаттиққўл, бирон маломатгўйнинг маломатидан қўрқмай Аллоҳ йўлида курашадиган кишилардир. Бу Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, Ўзи хоҳлаган кишиларга берур. Аллоҳ фазлу карами кенг, билгувчидир” (Моида, 54).

Аллоҳ таоло холис тавҳиднинг Аллоҳни мутлақ яхши кўриш билан бўлишини баён қилди: «Одамлар орасида шундай кимсалар борки, улар ўзгаларни Аллоҳга тенг билиб, уларни Аллоҳни севгандек севадилар. Иймонли кишиларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари қаттиқроқдир” (Бақара, 165).

Яратилишимиз мақсади бўлган қуллик, муҳаббат мартабаларининг энг олийсидир. Тавҳиднинг асли ва руҳи, муҳаббатни ёлғиз Аллоҳга холис қилишдир. Қуллик қилишнинг асли, ҳатто ибодатнинг ҳақиқатидир. Банда Аллоҳни яхши кўрмасдан ва бу муҳаббати барча нарсаларга бўлган муҳаббатдан устун ва ғолиб бўлмасдан

ҳамда унга кўра ҳукм қилмасдан туриб унинг тавҳиди комил бўлмайди. Яъни, банданинг саодати ва нажоти бўлган бу муҳаббатга қолган муҳаббатлари тобе бўлгандагина унинг тавҳиди комил бўлади.

Иймон устига қурилган бу муҳаббат болаларнинг хулқ-атворларини ўнглайдиган, уларни Ислом динида, Аллоҳ таолонинг ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тоатида собитқадам қиладиган воситаларнинг энг улуғидир. Кимнинг қалбига Аллоҳ ва Расулининг муҳаббати экилса, у ақидаси, ибодати ва ахлоқида мустақим, тўппа-тўғри бўлади. Баъзи масалалар ва нарсаларда адашса, ғофил бўлиб ёки унутиб хатога йўл қўйса ҳам, Аллоҳнинг изни билан, унинг қалбидаги бу муҳаббат уни тўғри йўлга қайтаради. Чунки муҳаббатнинг фақат ташқи эмас, ички майллари, ундовлари ҳам бор.

Ислом ақидасининг борлиқ ҳақидаги қараши, инсоннинг фитрати ва табиатига монандлиги билан, соғлом ақлга мувофиқлиги, унга зид эмаслиги билан ажралиб туради. Шунингдек, у бошқа ақидаларда мавжуд бўлмаган хусусиятлар билан ажралиб туради. У фикр, эътиқод, ахлоқ ва шариат низомлари мукаммал бўлган ақидадир. У фикр ва ақида низомига

 

эгалиги билан борлиқнинг бошланиши, оқибати, ичида ва ташқарисида мавжуд бўлган ҳақиқатлар ҳақида кенг қамровли изоҳ беради. Яна, инсон ҳаётининг бошланиши ва ниҳояси ҳақида хабар беради. Сўнгра борлиқнинг яратилиш мақсадини, инсонга уни амалга ошириши учун яратилиш ғоясини белгилаб беради. Шу тариқа, инсоннинг ақлий табиатидан келиб чиқиб сўраши керак бўлган борлиққа тааллуқли саволларига жавоб беради. Зеро, инсон бу саволларга етарли жавоблар тополмаса, ҳаётда хотиржам бўлмайди ва таскин топмайди. Ҳаётнинг маъносини тополмагани учун доимий изтиробда ва ташвиш билан яшайди.

 

Иймоний тарбиянинг

Самаралари

ترقيم

Иймоний тарбияни таълим олган киши қўлга киритадиган бир қанча самаралар бор. Қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:

  1. эзгу ишларни қилишга ошиқиш ва мусобақалашиш. Мўмин киши Аллоҳнинг розилиги ва раҳматига эриштирадиган ҳар бир сабабни топишга ҳаракат қилади.
  2. ички бошқарув тизимини мустаҳкамлаш. Зеро, инсоннинг хулқ-атворини тирик иймонгина тартибга солади.
  3. дунёда зоҳид бўлиш. Мўминнинг қалби дунёга боғланмайди, бутун диққат маркази ва муомалаларининг ягона мақсади дунё бўлмайди.
  4. илоҳий дастак. Аллоҳ таоло мўмин бандасига фойдали бўлган ишларини ҳақиқий маънода рўёбга чиқаради ва уни икки дунё саодатига эриштиради.
  5. Аллоҳга рағбат қилиш. Банданинг иймони ортган сари Раббига бўлган ишончи ва рағбати ҳам ортади ва яралмиш нарсалардан юз ўгиради.
  6. одамлар орасида муаммолар ва нохуш ҳолатларнинг йўқолиши. Қалбда иймон ортган сари унга нафс-ҳавонинг таъсири камаяди, ирода кучаяди ва соҳибини гўзал хулқларга ундайди.
  7. одамларга ижобий таъсир қилиш. Иймони кучли мўмин ўзини ва атрофидагиларни ислоҳ қилишга интилади.
  8. тинчлик ва хотиржамликни ҳис қилиш. Банданинг қалбига иймоний ишонч жойлашганда ундан одамларни даҳшатга соладиган қўрқувлар тарқалиб кетади.

Ота-оналар фарзандларига иймонларини кучайтирадиган, юриш-туриш ва хулқ-атворларини тузатадиган, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматига мансуб бўлиш ҳиссини мустаҳкамлайдиган таълимни беришлари вожибдир. Бу маъно таҳтига дохил бўладиган асосий нарсалар қуйидагилардир:

  1.         Иймоннинг олти рукнини таълим бериш. У инсоннинг фитрати ва табиатига мос, шариатни ўз ичига олган умумий иймон бўлиши лозим. Иймоннинг руҳини йўқотадиган ташқи кўринишга эътибор қаратишдан узоқ бўлиш билан бирга, қалбларни уйғотадиган, ақлларни ҳаракатлантирадиган ва хулқ-атворларни ислоҳ қиладиган амалий йўл бўлишига ҳаракат қилиш керак.
  2.         Болаларга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўришни, у зотнинг аҳли байти, завжалари ва барча саҳобаларини ҳаддан ошмаган ва ҳақсизлик қилмаган ҳолда яхши кўришни таълим бериш.
  3.         Болаларга динни, унинг маросимларини ва нишоналарини улуғлашни ўргатиш ҳамда уларни таҳқирлашдан, оёқ ости қилишдан ва бунга бефарқ қолишдан огоҳлантириш.
  4.         Болаларга иймоннинг солиҳ амалларсиз комил бўлмаслигини ўргатиш. Зеро, иймон тоат билан ортади, маъсият билан камаяди. Яъни, хулқ-атвор, юриш-туриш ва ибодатда ўз мевасини бериши учун тўғри иймоний тарбия зарурдир.
  5.         Болаларнинг қалбида охиратга бўлган иймонни ва уни улуғлашни ўрнатиш. Охиратдаги жазо/мукофотни банданинг дунёда қилган амалларига боғлиқлигини, ким дунёда гўзал иймон соҳиби бўлса, унга жаннат, ким гуноҳкор бўлса, унга дўзах бўлишини ўргатиш.
  6.         Аллоҳ таолонинг бандаларини мунтазам кузатиши, уларни кўриб, эшитиб туриши ва уларнинг ҳолатларидан бирон нарса У зотга махфий бўлмаслигини болалар онгига сингдириш.
  7.         Болага унинг ҳақда эканини чуқур ҳис қилдириш. Бу нарса уни динини азизлик ва куч билан тутишга чорлайди.

Иймонни мустаҳкамлайдиган

тарбия услублари

Бу услубларни иккига бўлиш мумкин: оқ-қорани ажратиш ёшидан олдинги ва оқ-қорани ажратиш ёшидан кейинги даврдаги услублар.

Оқ-қорани ажратиш ёшидан олдин бола қалбига иймонни ўрнатишга ёрдам берадиган нарсалар:

  1.         Болага атрофида ҳар доим эшитадиган Абдуллоҳ, Абдурраҳмон ва Абдулкарим каби Аллоҳга қулликни ифода этган исмларнинг маъноларини умумий суратда изоҳлашга ҳаракат қилиш, азонга қулоқ солишига эътибор бериш, кеча ва кундуз ўқиладиган зикр ва дуоларни ўргатиш, уларни айттириш ва айтиладиган вақт келганда эслатиш, Аллоҳ таолонинг унга берган неъматларини эслатиш, хоссатан, доимий такрорлангани учун таомланишда айтиладиган: таомдан олдин «бисмиллаҳ”, таомдан кейин «алҳамдулиллаҳ” дейишни ўргатиш.
  2.         Қуръондан баъзи сураларни ёдлатиш ва уларнинг Аллоҳ таолонинг каломи эканини тушунтириш. Улардан дастлаб Фотиҳа, Ихлос, Фалақ ва ан-Нас сураларини ўргатиш мақсадга мувофиқ бўлади. Шунингдек, болага тўғри иймоний маъноларни таълим берадиган баъзи қасида ва нашидларни ёдлатиш мумкин.
  3.         Болага Аллоҳнинг исмини шодлик ва хурсандчилик вазиятларига боғлаб эслатишга эътибор бериш. Болалик даврида Аллоҳ таолонинг исмини шиддат ва азоб билан боғламаслик даркор. Шунингдек, бу даврда Аллоҳнинг ғазаби, азоби ва дўзахи ҳақида кўп гапирилмайди.
  4.         Аллоҳнинг қудрати ва азаматини ҳис қилдириш учун болани ахлоқ, куч-қувват ва ўзини тутишда чиройли йўлга йўналтириш. Шу тариқа, у Аллоҳ таолони яхши кўради, Аллоҳ ҳам уни яхши кўради ва бутун коинотни унга бўйсиндиради.

Болага юриш-туриш, муомала одобларини ўргатиш, раҳмат-марҳаматга, ёрдамсеварликка, гапириш ва тинглаш одобларига одатлантириш, чиройли ўрнак бўлиш йўли билан Исломий қадриятларни сингдириш. Шу зайлда бола фазилат ҳукм сурган муҳитда яшайди ва атрофидаги барча яхшиликларни эгаллайди.

Оқ-қорани ажратиш ёшидан кейин эса, юқорида айтилганларга ақлини ишлатиш ва тафаккур қилишни ўз ичига олган услубларни қўшиш мумкин. Улардан:

  1.          Бу коинотнинг қанчалар улканлиги, нозик жиҳатлари билан, мустаҳкам ва пухта яратилганини ўргатиш. Буни билиш коинотнинг яратувчиси Аллоҳни улуғлаши ва қадрлаши учун лозимдир. «Бу ҳар бир нарсани пухта қиладиган Аллоҳнинг санъатидир” (Намл, 88).
  2.          Аллоҳ таолонинг ишлари ва махлуқотларидаги ҳикматларини эслатиш. Бу эслатма билан бола Аллоҳ таолони яхши кўради ва Унга ҳамд айтади. Бу ҳикматлардан баъзилари: кеча ва кундузнинг, қуёш ва ойнинг яратилишидаги, кўз, қулоқ ва тил каби сезги аъзоларининг яратилишидаги ҳикмат. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Ахир улар ўзларича Аллоҳ осмонлар ва Ерни ҳамда улар орасидаги бор нарсани фақат ҳақ (қонун) ва белгиланган муддат билан яратганини (демак ўша муддат битгач, дунё тугаб, Охират бошланишини) тафаккур қилиб кўрмадиларми?!” (Рум, 8).
  3.          Болани йўллантиришда рўй берган ҳодиса-воқеалар асосида яхшиликни яхши кўрсатадиган ва ёмонликдан нафратлантирадиган ҳикматли бир услуб қўлланиб, тўғри фурсатлардан фойдаланиш. Масалан, бола бетоб бўлганда қалбини Аллоҳга боғлаймиз, унга дуо қилишни, яхши гумонда бўлишни, руқя ўқишни ўргатамиз. Егиси келган мева ёки ширинлик олиб келганимизда, уни Аллоҳ берганини айтиб, бу неъматга шукр қилишини талаб қиламиз. Ота-она болага алам берувчи ҳодисалар юз берган дамда иймоний тушунчаларни таълим беришдан узоқ туриши лозим. Чунки бола ҳали буни тўла тушунадиган ҳолатда бўлмайди.
  4.          Болаларда биз ҳаракат қилаётган Исломий урф-одатларга кўниктиришимиз учун амалий машғулотлар қилишимиз лозим. Шунинг учун, мураббийнинг ўрнак бўладиган хулқ-атворни кўрсатиши мақсадга мувофиқдир. Дин билан ахлоқ нормалари орасини хулқ-атвор ва муомала воситасида боғлаш, тарбиямизни нафақат назарий, балки чанакам тарбия бўлишини таминлайди.
  5.          Болаларда яхши хулқларни кўпайтириш ва ундан бошқаларидан узоқлаштириш учун мақсадга йўналтирилган қиссалардан фойдаланиш. Танланган ҳикоя ичидаги қадрли нарсаларни ва кўрсатмаларни очиб берадиган драматик ва таъсирчан тарзда тақдим этилиши керак. Нашидлар орқали ҳам болага олийжаноблик ва яхши хулқларни ўргатиш мумкин. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларини айтиб бериш орқали болага Пайғамбаримизни танитиш, у зотни яхши кўрдириш ва унга итоат қилишни таълим бериш мумкин. Айниқса, у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёшликларини, болаларга қандай муомала қилганлари ва уларга меҳр-шафқатларини, шакл-шамоилларини, олий хулқларига тааллуқли нарсаларни айтиб бериш керак. Шунингдек, Пайғамбаримизнинг аёллари, аҳли байтлари ва саҳобалари ҳақидаги қиссаларни айтиб бериш жуда фойдалидир.
  6.          Диний тарбия беришда мўътадил бўлиш ва тоқатлари етмайдиган нарсаларни болаларга юкламаслик. Унутмайликки, боланинг ҳақиқий дунёси ўйин ва дилхушликдир. Боланинг табиий ва руҳий ривожланишига зид бўлган нарсалар билан, уларга ортиқча масъулиятлар юклаш билан ва асосий болалик эҳтиёжларидан маҳрум қиладиган тақиқларни кўпайтириш билан уларни чарчатмаслигимиз лозим. Чунки ошириб юбориш ва кўп танқид қилиш, салбий натижа беради ва гуноҳга қарши нотўғри нарсани ҳис қилишига олиб келади. Одатда бу ҳолат биринчи фарзандда кузатилади. Яъни, баъзи ота-оналар боласини мукаммал ва намунали қилиб етиштиришга ҳаракат қилиб бу хатога йўл қўйишади.
  7.          Катталар боланинг ҳар ишига ҳадеб аралашавермай, ўз ҳолига қўйишлари лозим. Лекин болага ўзидаги қобилиятларни ва атроф-муҳитини идрок қилишини юзага чиқарадиган фаолиятлар тайёрлаб бериш керак. Бу нарса боладаги изланиш иштиёқини ўстиради ва малакаларини кўпайтиради.
  8.          Болани шижоатлантириш унга яхши таъсир қилади ва уни исталган хатти-ҳаракатларини бажариш учун қўлидан келганича ҳаракат қилишига ундайди. Боланинг хулқ-атворини назорат қилиш ва йўналтиришда севги ва мукофотлаш усулини қўллаш, тўғри хулқ-атворни эгаллашида энг афзал йўлдир. Болага ўз ҳаққини ўрганишида, нима унинг фойдасига ва нима зарарига, нимани қилиши тўғри ва нимани қилиши нотўғри эканини билишига ёрдам бериш. Болага ҳурматини ва ўрнини, эркалатиб юбормасдан, яхши назорат билан ўргатиш лозим.
  9.          Қуръони каримни эъзозлашни, унинг муқаддаслигини, буйруқларига амал қилишнинг шартлигини осон ва жозибали услубда боланинг қалбига жойлаштириш. Шунда бола Қуръонни мукаммал тиловат қилиш билан итоаткор фаришталар даражасига етишини билади. «Аувзу” ва «бисмиллаҳ”ни айтиш, Қуръонни жим ўтириб тинглаш каби тиловат одобларига риоя қиладиган бўлади. Қуръон оятларини эшитишга одатлантиришимиз лозимки, Қуръон унинг тил бойлигини орттиради ва ўқишга тезлайди. Шунингдек, болага ёддан биладиган ва ақидага оид маъноларга эга бўлган баъзи сураларнинг тафсирини ўргатиш мумкин. Масалан, Фотиҳа, Ихлос, Фалақ ва Ан-нас каби сураларнинг тафсирлари. Яна Қуръони каримдаги қиссаларни содда, тушунарли, такрор-такрор ва турли йўллар билан ҳикоя қилиб беришни кўпайтириш мумкин.
  10.          Савол-жавоб услубидан фойдаланиш. Бунда саволнинг болага етказишни хоҳлаган маълумотларни ўз ичига олганига эътибор беришимиз лозим. Жавоб ҳам унинг ёши ва ақл савиясига мос келадиган ва жуда қисқа бўлиши керак. Боланинг олий ҳулқларни эгаллаши ва хулқ-атворида яхши томонга ўзгаришида бу услубнинг катта таъсири бор.
  11.          Бўяшнинг қизиқарли йўли орқали таълим бериш. Бўяладиган расм иймонга доир маъноларни ўз ичига олиши ва ҳар сафар бир-биридан фарқли бўлиши лозим. Шунингдек, кенг қамровли ва турфа кўринишдаги мусобақалар ташкил қилиш билан ҳам иймоний қадриятларни таълим бериш мумкин. Бунда мусобақаларнинг ҳаракат билан бажариладигани танланади, чунки бола ҳаракат қилишни ва ўйиннинг бир парчаси бўлишни яхши кўради.
  12.          Болага ақидага доир баъзи ҳадисларни ёки ҳадислардан баъзи қисмларини боланинг тушуниш савиясига мос, осон, севинтирадиган ва унинг ақли етадиган шаклда шарҳлаб берамиз. Шунингдек, иймонни ўстирадиган, онгга ўрнашиб, сўнгра беихтиёр қўлланиладиган баъзи ибораларни такрорлаш услуби билан ўргатиш мумкин. Масалан: «Қадаруллоҳ, ва ма шаа’а фаъала” (Маъноси: Аллоҳнинг тақдири экан. У хоҳлаганини қилди). «Таваккалту алаллоҳ” (Маъноси: Аллоҳга таваккал қилдим). «Аллоҳу ала кулли шайъин қодир” (Маъноси: Аллоҳ ҳар ишга қодирдир). Шунингдек, бола ота-онаси ёки мураббий ёрдамида синфини, ётоқ хонасини иймонга тааллуқли ибора ва жумлалар билан безаши мумкин. Масалан: «Мен мусулмонман”, «Мен Раббимни яхши кўраман” каби иборалар ёки иймон шартлари ёзилиши мумкин. Булар боланинг кўп ва мунтазам кўрадиган нарсалари бўлгани учун унинг хотирасида мустаҳкам ўрнашишига сабаб бўлади.
  13.          Болага ҳар бир кишига бало-мусибат етишини, Аллоҳ дунёдаги барча одамларни қандайдир қийинчилик ва мусибатлар билан имтиҳон қилишини ва У зот ҳар нарсани фақат етук ҳикмат билангина тақдир қилганини таълим берамиз. Фойда берувчи, зарарни кетказувчи фақат Аллоҳ эканини, Унинг раҳмати ғазабидан ўзиб кетганини боланинг қалбига ўрнаштирамиз. Унга кенгчиликнинг ҳар доим қийинчиликдан кейин келишини ва бунинг Аллоҳнинг қонуни эканини тушунтирамиз. Бунда Аллоҳга яхши гумон қилишни ва бу айни ибодат эканини ўргатамиз. Бунда Аллоҳнинг биз учун ихтиёр қилганларининг биз ўзимиз учун ихтиёр қилганларимиздан яхшироқ эканини билдирамиз. Зеро, инсонга ярашадиган нарса, сабр билан безаниши, мусибатларга дуч келганда шаръан жоиз бўлган сабабларни тутиши, Аллоҳнинг қадарига рози бўлиши ва ажрини Аллоҳдан умид қилишидир. Ва ниҳоят, дуони маҳкам ушлашни ўргатамиз. Чунки дуо бандага ҳар доим фойда келтирадиган тижоратдир.

Тарбия

Воситалари

Боланинг қалбига иймонни ўрнаштиришга ёрдам берадиган энг муҳим тарбия воситалари қуйидагилардир:

  1. Чиройли ўрнак бўлиш. Ўрнак бўлиш энг муҳим, энг таъсирли ва боланинг қалбида чуқур из қолдирадиган йўл ҳисобланади. Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўрнак бўлишнинг бола ҳаётидаги аҳамиятига катта эътибор қаратган эдилар. Абдуллоҳ ибн Омир разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизникида бўлганда, онам мени чақириб: «Ҳой Абдуллоҳ, бу ёққа келгин, бир нарса бераман”, дедилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унга нима бермоқчи эдинг?», дедилар. Онам: «Унга хурмо бермоқчи бўлгандим”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ: «Агар унга ҳеч нарса бермаганингда сенга битта ёлғон ёзиларди”, дедилар (Абу Довуд, 4991). Бошқа бир ривоятда эса: «Ким бир ёш болага: «Кел, бир нарса бераман”, деб бермаса, бу ёлғон бўлади”, дедилар (Аҳмад, 9624). Шубҳасиз, ўрнак бўлиш таъсирли услубдир. Мазкур ҳадисларда ёш болаларга нисбатан ростгўй бўлишнинг аҳамиятига эътибор қаратилган.
  2.          Тўғри, холис насиҳат. Насиҳат қилиш йўллари кўпдир: бевосита насиҳат, зарбулмасал келтириш орқали насиҳат, қиссадан ҳисса чиқариш, ўзаро суҳбат йўли билан насиҳат қилиш ва бошқалар. Бизнинг вазифамиз, болани зериктириб, безор қилмасдан насиҳат қилишдир.
  3.          Рағбатлантириш ва қўрқитиш. Бу икки услубни мукофот ва жазо бериш дейиш мумкин. Булар инсоннинг табиатига тўғридан-тўғри таъсир қилгани учун энг муҳим тарбия услубларидан ҳисобланади. Бу услуб фойдали бўлган нарсани яхши кўрсатиб, унга жалб қилиш, зарарли нарсани ёмон кўрсатиб, ундан узоқлаштиришга асосланади. Бироқ бу услубни ҳаддан оширмай, бепарво бўлмай, адолат ва ҳаққоният билан амалга ошириш керак. Боланинг кўнгли нозик ва таъсирчан бўлади, шу сабаб уни қўрқитмаслик ва ваҳимага солмаслик лозим. Акс ҳолда тескари натижа бериши мумкин. Зеро, боланинг болалик даврида қўрқитишдан кўра рағбатлантиришга эҳтиёжи кўпроқ бўлади.
  4.          Ўргатиш, одатлантириш ва амалий машғулот. Болага Аллоҳ таолонинг розилигига эришишга ҳаракат қилишни, Ундан қўрқиш, ҳаё қилиш, ҳар доим Унга суяниш, ҳар бир иш Унинг қўлида экани ҳақидаги илмни ўргатишга, одатлантиришга ҳаракат қилинади. Булар болага олдидан чиқадиган ҳар қандай қийинчиликни енгадиган куч ва матонат беради. Қалбини хотиржам ва ўзини бахтиёр қиладиган ишонч ва розилик бахш этади.
  5.          Қайтариш ва такрорлаш. Буларнинг таълимда ва инсон қалбида илмнинг барқарор ўрнашишида фойдали усуллар эканини замонавий илм-фан ва тажрибалар тасдиқлагандир.
  6.          Суҳбат ва мунозара. Бола билан гаплашиш унинг фаҳмлаш қобилиятини кенгайтиради, маърифат уфқларини очади. Лекин бунда боланинг шахсияти ва фикрларини ҳурмат қилиш, уни яхшилаб эшитиш ва босиқлик билан гаплашиш, суҳбатнинг муваффақиятли ва таъсирли бўлиши учун шартдир. Суҳбат мазкур тарзда бўлганда болага тарбия бериш ва уни йўллантириш осон кечади.
  7.          Китоб. Боланинг иймоний, илмий ва маданий эҳтиёжларига мос китоблар билан тўлдирилган кутубхонасининг бўлиши жуда муҳимдир. Унинг аудио, видео ва дигитал китоблардан ташкил топган бўлиши самарадорликни янада оширади. Шунингдек, бу кутубхонада қиссалар мажмуасининг бўлиши боланинг таълими учун тарбиявий аҳамиятга эга бўлган дарчадир. Улар ичида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ва саҳобалар разияллоҳу анҳумнинг сийратларидан намуналар, мақсадга йўналтирилган қиссалар бўлиши болага жуда фойдали бўлади.
  8.          Замонавий технология ва ўқув қўлланмалари. Улар фикр ва маълумотларни тарқатиш, уларни болага яқинлаштириш ва маъноларини тушуниб, идрок қилишда ва хотирасида қолишига ҳисса қўшадиган воситалардир. Ушбу маълумотлар ва асослар болани ўзига жалб қиладиган ва уни қабул қилишга мос руҳий ҳолатга келтирадиган қизиқарли тарзда ва жозибали рангларда тақдим этилади.
  9.          Туғма майллар. Болада бир қанча майллар бўлиб, тарбияда улардан фойдаланиш мумкин. Улардан: ўйин ўйнаш, биргаликда ҳаракат, тақлид қилиш ва бошқалар. Бола ўйин воситасида атрофидаги дунёни кашф қилиши, хаёлларини ифода этиши ва идрок даражасини билиб олиши мумкин. Шундай экан, коинот ва ҳаёт ҳақидаги тўғри тушунчаларни изоҳлаш ва болага қадриятларини ўргатишда бу фактордан фойдаланиш мумкин. Бунда осон ва унга муносиб усулни қўлланиш лозим. Вазият ва ҳодисаларни кузатиш огоҳлантириш ва йўналтириш билан яхши фойдаланилса, бола руҳиятида кучли из қолдиради.
  10.          Дуо. Дуо банданинг Раббига муҳтожлиги ва Унинг фазли марҳаматидан умидворлигининг далилидир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бандаларини дуо қилишга тарғиб қилди ва уларнинг дуоларини ижобат қилишга ваъда берди: «Парвардигорларингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар, Мен сизларга (қилган дуоларингизни) ижобат қилурман», деди” (Ғофир, 60).                                             Дуо тарбиячининг тарбиядаги мақсадига етиш учун қўлланадиган энг катта воситасидир. Зеро, уни энг улуғ мураббийлар бўлган пайғамбарлар алайҳимуссаломлар иймон ва тавҳидни ўрнатиш учун қўллангандирлар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), эсланг, Иброҳим айтган эди: «Парвардигорим, бу шаҳарни (яъни, Маккани) тинч шаҳар қилгин, мени ва болаларимни бутларга бандалик қилишдан йироқ қилгин” (Иброҳим, 35).Демак, боланинг ҳаққига дуо қилиш, уни тарбиялашда яхшилик қилинганини кўрсатадиган энг муҳим кўрсаткичлардан биридир.
  11.          Ролга кириш ва тақлид. Бола табиатан тақлид қилишни яхши кўради. Бундан фойдаланиб, унга имкон бериш мумкин. Масалан, унга масжид имоми роли берилиб, жамоатга қироат билан намоз ўқиб бериши топширилади. Ёки имом хатиб бўлиб хутба ўқиб, ваъз-насиҳат қилиш, ёки ўқитувчи бўлиб, дарсни тушунтириб, таълим бериш вазифаси топширилади ва ҳоказо. Бу усул билан маънолар боланинг онгига ва қалбига жойлашади, ўзи тақлид қилган кишиларнинг ва ишларнинг қадрини билади.

Тарбиячининг

Сифатлари

  1. Раҳм-шафқат ва марҳамат. Тарбия қалбларни раҳм-шафқатга тўлдирадиган марҳамат хулқи билан бирлашмаса, яхши натижа бермайди. Бир кун Ақроъ ибн Ҳобис Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг неваралари Ҳасан ва Ҳусайнни ўпаётганларига гувоҳ бўлди ва: «Менинг ўнта фарзандим бор, бироқ улардан биронтасини ўпмаганман”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Раҳм қилмаган кишига раҳм қилинмайди”, дедилар (Бухорий, 5997). Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна шундай деганлар: «Раҳм қилувчиларга Раҳмон раҳм қилади. Ер юзидагиларга раҳм қилингларки, осмондаги Зот сизларга раҳм қилсин” (Абу Довуд, 4941).
  2.          Ҳалимлик ва кечирувчанлик. Дарҳақиқат, Саййидимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу хулқнинг чўққисига етгандилар. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга кетаётган эдим. У зотнинг устиларида жияги йўғон нажроний бурда (ёпинчиқ) бор эди. Бир аъробий у зотга етиб олиб, ридоларидан қаттиқ тортди, натижада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гарданларига бурданинг жиягининг изи тушиб қолганини кўрдим. Кейин у: «Эй Муҳаммад! Ҳузурингдаги Аллоҳнинг молидан менга ҳам (берилишини) буюр”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга бурилиб қарадилар‑да, кулиб қўйдилар. Сўнгра унга (сўраган нарсасини) берилишини буюрдилар” (Бухорий, 5809). Ҳалимлик ва юмшоқликка боғлиқ бўлган нарсалардан бири кечиримли бўлишдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), кечиримли-марҳаматли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг!” (Аъроф, 199). Ана ўшанда ҳалимлик юзага келади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазабланмасликка чақириб, ғазабланишдан қайтардилар. Саҳиҳ ҳадисда, бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Менга насиҳат қилинг”, деганда, у зот: «Ғазабланма”, дедилар. Бояги киши бир неча марта сўради, Расулуллоҳ: «Ғазабланма”, дедилар.
  3.          Сабр-тоқат. Тарбиячи болаларга таълим ва тарбия бериш асносида сабр билан безаниши, шошқалоқлик қилмаслиги лозим. Тарбиячи мақсад ҳосил бўлиши ва натижаларнинг юза чиқишига шошилмайди, умидсизланмайди ва муваффақиятсизликни ҳис қилмайди. Сабрсиз тарбиячи, озуқасиз мусофир кабидир.
  4.          Адолат. Агар тарбиячи болаларни бир-биридан очиқ-равшан сабаб бўлмаган ҳолда ажратса, унинг болаларга таъсири камаяди ва болалар орасидаги равонлик, келишувчанлик йўқолади. Зулм ва ҳақсизлик қайси ишда бўлса, ўша ишни булғайди, расво қилади.
  5.          Омонатдорлик. Тарбиячи таълим олаётганлар билан муомалаларида ростгўй ва омонатдор бўлиши лозим. Омонатдорлик пайғамбарларнинг сифатларидан биридир. Бу сифат амалнинг сифатли ва пухта бўлишида, мақсадга етказиши ва муваффақиятга эришишда асосий нарсадир.
  6.          Тақво. Ким Аллоҳ таолога тақво қилса, уни ўйламаган жойидан муваффақ қилади. Тақво дунё ва охиратда ютуққа эришиш, салоҳият, нажот ва тавфиқнинг ҳамроҳидир.
  7.          Ихлос. Амал Аллоҳ учун бўлмас экан, эгасига қайтарилади ва унга бу амалидан фақат чарчоқ ва бахтсизлик келади.
  8.          Илм. Олим киши бугунини зое, оқибатини ёмон қиладиган жоҳилнинг акси ўлароқ, ҳозирги ҳолати ва оқибатини кўра оладиган бўлади.
  9.          Ҳикмат. Тарбиячи ҳар нарсани ўз ўрнига қўйганда, ишлар изига тушади ва тарбия самарасини беради. Шундай экан, мураббийнинг асосий вазифаси, боланинг руҳига таъсир қилиб, йўл кўрсатиш ва тарбия беришда унга кўмаклашишдир.
  10.          Тарбия ишига ишониш. Тарбия моддий ва маънавий ҳадядир. Тарбия ишининг кучига ишонмайдиган киши бундай ҳадяни тақдим қила олмайди.
  11.          Ривожлантириш. Мураббий тарбиядаги вазифасини адо этадиган даражага етиш учун имкониятлари ва қобилиятларини такомиллаштиришга эътибор беради.

 

Back to top button