Аллоҳга иймон келтиришга тааллуқли саволлар

Эрта болалик даврида боланинг ақлида энг кўп айланиб юрадиган саволлар Аллоҳ ҳақида бўлади. Бу ўринда болаларнинг ота-оналарига берадиган саволларидан энг кенг тарқалганлари тақдим қилинади.

   Аллоҳ ким ўзи?

Фарзандимизга Аллоҳни танитиш учун боланинг биздан Аллоҳ ҳақида сўрашини кутмаслигимиз, аксинча, ҳар доим ва ҳар фурсатда Аллоҳ ҳақида гапиришга ҳаракат қилишимиз керак. Боланинг Аллоҳ ва Унинг сифатлари ҳақидаги саволига берилган тўғри жавоб боланинг онги ва қалбида Аллоҳга иймон ва тавҳид ақидасини ўрнатади. Шу сабабли, бундаги энг яхши йўл, боланинг ақлини Аллоҳнинг зоти ҳақида ўйлашдан кўра, осмон, булутлар, юлдузлар, қуёш, ой, денгиз, дарахтлар ва бошқа мавжудотлар каби Аллоҳнинг борлигига далолат қилувчи аломатлар ва мўъжизалар ҳақида ўйлашга буришимиз лозим. Шунингдек, Аллоҳ уни, аъзолари, кўзлари, қулоқлари, оғзи, тили, қўллари ва оёқларини Ўз фазли марҳамати билан яратганига эътибори жалб қилинади. Бу осмонни, бу Ерни ва бу дарахтларни, ҳаммасини Аллоҳ яратганини болага ўргатамизки, бола бу сўзларга ўрганиб, кўниксин. Фарзандимиз биздан: «Аллоҳ ким ўзи?!” деб сўраганда, содда қилиб: «Аллоҳ атрофимиздаги ҳамма жонли ва жонсиз мавжудотларни яратган Зотдир”, деб жавоб берамиз ва қўлимиздан келгунча бир қанча мисолларни келтирамиз.

Фарзандимиз бизга Ер ва осмон оламларига доир баъзи маълумотларни айтиб бошлаганда, бу ажойиб низом ва ​​зўр тартибнинг пардаларини очиб, унга шундай дейлик: «Бу муаззам низомни кўрдингми? Бу қонунларни қўйган ва тартибга солган Аллоҳ азза ва жалладир”. Шунда у, илм ва далил билан Раббини ҳис қилади. Сўнг унга ҳамма нарсани яратган Аллоҳ эканини ва Унга ўхшаган ҳеч нарса йўқлигини, У энг раҳмли, энг саховатли, беҳисоб ризқ берувчи эканини, Унинг чиройли ва гўзал исмлари ва сифатлари бор эканини айтамиз. Мана шунинг учун, ёлғиз Унгагина қуллик қилиш, ҳеч нарсани Унга шерик қилмаслик кераклигини, Унинг болаларни жуда яхши кўришини ва катталарга уларга ғамхўрлик қилишни, уларнинг фойдаларини кўзлашни, уларга ва барча одамларга яхшилик қилишни буюрганини, бизни ҳисоб-китоб қилиб, яхши ва ёмон ишларимиз учун мукофот ёки жазо беришини, яхшини яхшилиги учун мукофотлаши, ёмонни ёмонлиги учун жазолашини тушунтиришимиз даркор. Шунингдек, болаларга Аллоҳнинг зоти ва сифатлари ҳақида гўзал жавобларни ўз ичига олган қисқа сураларни ёдлатиш мақсадга мувофиқ бўлади. Масалан: Ихлос сурасида Аллоҳ Ўзини шундай таърифлаган: Аллоҳ шундай зотки, «У туғмаган ва туғилмаган ҳамда У зотга ҳеч ким тенг эмасдир».

Бола Аллоҳни яхши таниши учун у билан қуйидагича суҳбат қуришимиз мумкин:

Бу чиройли кийимларни сенга ким сотиб олди?

Дадам.

Сени ким мактабга олиб боради?

Дадам.

Касал бўлганингда сени ким шифокорга олиб боради?

Дадам.

Таътилларда сени ким сайр қилишга олиб боради?

Дадам.

Унда сенинг барча ишларингни даданг қилар эканда!

Ҳа шундай. Аллоҳ ҳам худди шундай, У ҳаммамизни бошқаради, У ҳамма нарсанинг яратувчисидир. Атрофингда кўрган ҳар бир нарса, қуёш, ой, булутлар, денгизлар ва тоғлар Аллоҳнинг санъат асаридир. Аллоҳ таоло одамларни, ҳайвонлар ва қушларни, фаришталар ва жинларни, шунингдек, бутун коинотни яратди. Аллоҳ бизга ғамхўрлик қиладиган, барча ишларимизни бошқарадиган, бизни яхши кўрадиган ва ҳар доим бизга яхшилик инъом қиладиган ўта саховатли ва ўта раҳмли Зотдир.

          Аллоҳнинг тузилиши инсоннинг тузилишидекми?

Йўқ, Аллоҳ биз каби эмас, чунки ҳеч нарса Аллоҳга ўхшамайди. У мени, сени ва барча одамларни, дарахтларни, дарёларни, денгизларни ва бу дунёдаги ҳамма нарсани яратган Зотдир. У ягона куч манбаидир. У бирор нарсани хоҳласа, унга: «Бўл!» – дейди, у ўша заҳоти бўлади. Қисқачаси, Аллоҳ одамдан бутунлай фарқ қилади. Зеро, инсон бирор инсонни ярата олмайди, лекин Аллоҳ буни қила олади ҳамда хоҳлаган нарсани қилишга қодирдир. Бу дунё ҳаётида ҳеч ким Аллоҳни кўра олмайди, шундай экан, ҳеч ким Унинг кўринишини тасвирлаб беролмайди. Аллоҳнинг гўзаллиги ва нури ҳамма жойни қоплаганидан биз Уни кўра олмаймиз, чунки бизнинг имкониятларимиз чекланган. Кейин биз фарзандимиздан кўзларини юммасдан қуёш нурига қарашини сўраймиз ва: «Қуёшга қарашни давом эттира оласанми?», деймиз. У инкор жавобини беради. Шунда биз: «Азизим, Аллоҳ ҳам шундай, Аллоҳдан таралган нурга биз дош беролмаймиз, лекин жаннатга кирганимизда Аллоҳни, Унинг изни билан, кўрамиз», деймиз.

Бола баъзи ўринларда эътироз билдириши ва ишонмаганини тилга олиб: «Қандай қилиб Аллоҳга ўхшаш нарса йўқ бўлади?”, дейиши мумкин. Бундай ҳолатда хотиржамлик билан уни ишонтириш керак, яъни шу шаклда жавоб берамиз: «Бизнинг ақлимиз қанчалар каттариб, тушуниш даражаси неқадар ортишидан қатъий назар, нуқсонли инсон ақли бўлиб қолаверади, Аллоҳ ўргатган нарсаларнигина билади, ундан бошқаларини билолмайди. Шундай экан, ҳамма нарсани билишимиз имконсиз ишдир. Чунки биз ҳар доим инсонлигимизча қоламиз. Фарзандимизга: «Агар Аллоҳ бизга ўхшаган бўлса эди, биз каби хасталанган, биз каби еб-ичган ва барча одамлар сингари вафот этган бўларди. Лекин Аллоҳ касал бўлмайди, емайди, ичмайди ва ўлмайди. У ҳар доим мавжуд ва барҳаётдир. У осмонлар, Ер ва бу Коинотдаги ҳамма нарсанинг Яратувчисидир. Шунинг учун Аллоҳга ўхшаган бирон нарса йўқдир», деб айтишимиз мумкин. Фарзандимиздан: «Биз одамлар бирон нарсага: «Бўл!», десак, ўша нарса бўладими?», деб сўрашимиз мумкин. У: «Йўқ», деб жавоб беради. Шу тариқа фарзандимиз билан бирга Аллоҳ биз каби инсон эмас, аксинча, У буюк яратувчидир, деган хулосага келамиз.

Сўнг шундай дейишимиз мумкин: «Шубҳасиз, эшитиш қобилиятимиз чекланган, биз фақат маълум масофадан эшитамиз. Агар биз ҳамма нарсани эшитганимизда эди, чарчаб қолган бўлардик. Шунингдек, кўришимиз ҳам чекланган, шунинг учун маълум масофадан нарёғини кўролмаймиз. Масалан, деворнинг нариги томонини кўра олмаймиз. Эшитишимиз ва кўришимиз чекланганидек ақлимиз ҳам чеклангандир. Инсоннинг ақли чекланган, у ҳамма нарсани ҳам англай олмайди. Шу сабабдан, Аллоҳ таоло инсониятни яратган кундан бери бизга номаълум бўлган нарсалар маълум бўлганларидан анча кўпдир. Масалан, инсон танасида мавжуд бўлган руҳ, бизга яқин бўлса ҳам, биз уни тасаввур қила олмаймиз ва унинг ҳақиқатини била олмаймиз. Агар илмимиз бизнинг ичимиздаги ва биз билан боғлиқ бўлган нарсада шундай бўлса, унда бизнинг ташқаримиздаги нарсалар ҳақида нима дейиш мумкин?! Шунга кўра, модомики инсон ақли чекланган экан, у Аллоҳнинг зотини идрок эта олмайди. Бинобарин, Аллоҳнинг кўриниши ҳақида тасаввур, ақл ёки гумон билан эмас, балки фақат шариат доирасида гапиришимиз мумкин. Дарҳақиқат, Қуръон бу масалага узил-кесил нуқта қўйди: «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитгувчи ва кўриб тургувчидир” (Шуро, 11).

Шунга кўра, Аллоҳ бизга ҳам, бирон нарсага ҳам ўхшамайди. Бу Уни яхши кўришимиз, Ундан умидвор бўлишимиз ва қўрқишимиз керак бўлган Аллоҳнинг буюклигини кўрсатади. Бу буюклик жаннатнинг энг буюк неъмати бўлган Аллоҳни жаннатда кўриш билан намоён бўлади.

          Аллоҳни ким яратган?

Агар Аллоҳни яратган кимдир бўлса эди, сен: «Аллоҳни яратган яратувчини ким яратган”, деб сўраган бўлардинг, тўғрими? Шунинг учун биз, Яратганнинг хусусиятларидан бири яратилмаган бўлиши ва У барча махлуқотларни яратганини билишимиз лозим. Агар У яратилган бўлса эди, биз Унга ибодат қилмаган, Унинг кўрсатмалари ва фармонларига амал қилмаган бўлардик. Аллоҳни ким яратгани ҳақидаги савол тўғри эмас. Нотўғри саволларнинг эса ҳеч қандай маъноси йўқдир. Масалан, бир киши учбурчакнинг тўртинчи томонининг узунлиги қанчалигини сўраса, унга бериладиган жавоб йўқдир. Чунки учбурчакнинг атиги уч томони бор холос.

«Аллоҳни ким яратган?» деган саволдаги хатонинг сабаби, яратилиш сўзи билан Аллоҳ лафзининг бир жойда ишлатилишидир. Чунки «Илоҳ» яратилмайди. Яратилиш иши фақат махлуқотга тегишлидир. Ҳеч ким Аллоҳни пайдо қила олмайди, акс ҳолда У ҳам яратилган мавжудот бўлиб қолади. Демак, Аллоҳ ҳар доим мавжуд бўлиб, Унинг бошланиши ҳам, охири ҳам йўқ экан.

Мавзуни баҳслашиш мақсадида, Аллоҳнинг яратувчиси бор деб фараз қилайлик! Унда ўз-ўзидан: «Яратганнинг яратувчисини ким яратган?!» – деган савол пайдо бўлади. Кейин «Яратганнинг яратувчисини яратганни ким яратган?!» – деган савол туғилади. Шу тариқа савол умуман тугамайди, бу эса маҳол нарсадир.

Масала янада тушунарли бўлиши учун аскар ва ўқ отишни мисол қилиб оламиз. Бир аскар ўқ отмоқчи бўлди, дейлик. Аммо ўқ отиш учун орқасидаги унвони баланд аскардан рухсат сўраши керак ва бу аскар ҳам ўз навбатида орқасидаги унвони баланд аскардан рухсат сўраши керак. Мана шундай, унинг ниҳояси йўқ. Савол: «Аскар ўқни отадими?» Жавоб: «Йўқ?» Чунки у, унга отишга рухсат берадиган унвони баланд аскарга ҳеч қачон етиб боролмайди. Лекин бу занжир ёки кетма-кетлик бир кишида тўхтаса ва унинг юқорида рухсат оладиган бошлиғи бўлмаса, мана шу киши ўқ отишга рухсат бериши мумкин. Ўша баланд унвонли аскар бўлмаса, орадаги одамлар сони қанча бўлмасин, ўқ ҳеч қачон отилмайди. Улар ёнма-ён қўйилган ноллар, давомли кўпайиб, чексизга қараб борса ҳам, олдиларига бир ёки ундан бошқа рақамни қўймагунингизча, нолларнинг борлиги ҳеч нарсани ифодаламаганига ўхшайди.

          Аллоҳ қаердан келган? Ёши нечида?

Болам, Аллоҳнинг яратилмаган, туғмаган ва туғилмаган, бошланиши ҳам, охири ҳам йўқ эканини билар экансан, демак, Аллоҳнинг биз инсонларга хос бўлган ёш масаласидан узоқлигини ҳам билгин. Чунки Аллоҳ яратувчи, буюк, беҳожат, улуғ, куч ва қудрат эгаси, азиз ва раҳмли Зотдир. У гўзал исмлар ва олий сифатларга эга. Унинг сифатлари комил, уларда бирон нуқсон йўқдир. Ҳамма нарсаларни ва барча махлуқотларни яратгани каби бу дунёни ҳам яратган Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодир.

          Аллоҳдан олдин ким бор бўлган?

Бу Аллоҳни ким яратгани ҳақидаги савол билан бир хил бўлиб, нотўғри саволдир. Аллоҳ таоло Аввал бўлиб, Ундан олдин ҳеч нарса бўлмаган, У Охир бўлиб, Ундан кейин ҳеч нарса бўлмайди. «Аввал ҳам, охир ҳам, зоҳир ҳам, ботин ҳам Унинг Ўзидир. У барча нарсани билгувчидир” (Ҳадид, 3).

Замон ҳам макон каби бўлиб, Аллоҳ таолони чегараламайди. Зеро, замон Аллоҳнинг бошқа махлуқотлари каби яратилгандир. Яратилган нарсалар ўз Яратувчиларини чегаралаши ва иҳота қилиши (ўраб олиши) мумкин эмас. Камол ва жамол

сифатларининг ҳаммаси Аллоҳнингдир. Бу борада Пайғамбаримиздан келган бир насиҳатга эътибор қаратиш лозим. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизларнинг бирингизга шайтон келиб, «Анавини ким яратди? Анавини ким яратди?» – деб сўрайди. Охири (васваса қилавериб): «Раббингни ким яратди?» – дейди. Агар шунга (шу даражадаги васвасага) етиб борса, «Аузу биллаҳ» деб, Аллоҳдан паноҳ сўрасин ва (бу ҳақда ўйлашдан) тўхтасин”, дедилар». (Бухорий, 3276).

Ушбу ҳадисга биноан, бола бунга ўхшаш савол сўраса, Аллоҳдан паноҳ сўранг ва бу саволларга берилиб кетмаслиги учун билвосита йўлдан боланинг фикрини бошқа масалага йўналтиринг. Боланинг фикрини бошқа томонга буриш, жавоб йўқлигидан эмас, васваса эшигини ёпиш учундир.

          Аллоҳ эркакми ёки аёл?

Бундан олдин ҳам таъкидлаганимиздек, боланинг онгини Аллоҳнинг зоти ҳақида кўп ўйламасликка, унга фойдали ва манфаатли бўлган нарсалар ҳақида ўйлашга йўналтиришга ҳаракат қилишимиз керак. Бу ўринда болага эркаклик ва аёллик масаласининг инсонлар ва тирик мавжудотларнинг турлари ва жинслари орасини ажратиш учун лозим бўлган нарсалардан бири эканини тушунтиришимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Аллоҳ таоло махлуқотлари тўғрисида шундай дейди: «Ва албатта У зот эркак-аёл жуфтларни яратгандир” (Нажм, 45).

Аллоҳ таоло бу таснифдан устундир, ҳатто фаришталар сингари жинс нисбат этилмайдиган бошқа жонзотлар ҳам бор. Шунингдек, осмон, булутлар, ҳаво ва сувга эркак ёки аёл жинси берилмайди. Демак, ўзлари ноқис бўлишларига қарамай, жинсга айрилишни қабул қилмайдиган махлуқотлар бор экан, комил сифатлар эгаси Аллоҳ ҳақида гапиришга йўл бўлсин: «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитгувчи ва кўриб тургувчидир» (Шуро, 11).

          Нимага Аллоҳнинг борлигига ишонишимиз керак? Аллоҳнинг борлигини нима исботлайди?

Аллоҳ таолога ишониш инсоний фитрат бўлиб, уни ҳеч ким инкор эта олмайди. Қолаверса, Аллоҳнинг мавжудлигини кўрсатадиган далиллар жуда кўп ва одамлар ҳар бири ўз ихтисослиги ва соҳасига кўра далиллар ортидан далилларни кашф қилишда давом этмоқдалар. Инсон нафсидаги фитрат Аллоҳнинг борлигини исботлайди: «Бу фитрат Аллоҳ одамларни яратган асл табиатдир» (Рум, 30).

Ҳар биримизнинг ичимизда Аллоҳнинг буюклиги, қудрати ва ҳомийлиги ҳақида билдириб турадиган бир кучни ҳис қиламиз. Аниқ илмий далиллар ҳам бу коинотда нозик низом мавжудлигини тасдиқлайди. Албатта, бу нозик низомнинг бир яратувчиси бор. Хўш, бу махлуқотларни ким яратди ва ким уларни бундай нозик тартибга солди? Ёки улар бирон сабабсиз тасодифан пайдо бўлганми? Ундай бўлса, ҳеч ким бу нарсаларнинг қандай пайдо бўлганини билмайди, бу бир эҳтимол. Яна бир эҳтимол: бу нарсалар ўзларини яратган ва ўз ишларини ўзлари амалга оширган. Учинчи эҳтимол ҳам бор: уларни пайдо қилган ва яратган бир яратувчи бор. Ушбу учта эҳтимолни кўриб чиқсак, биринчи ва иккинчи эҳтимоллар имконсиз эканини биламиз. Биринчи ва иккинчи эҳтимолларнинг иложи йўқ экан, учинчиси аниқ ва тўғри бўлиши керак. Яъни, бу махлуқотларни яратган яратгувчи бор, у Аллоҳдир. Қуръони каримда худди шундай келган: «Балки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратгувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратгувчимиканлар-а?! Балки осмонлар ва Ерни ҳам улар яратгандирлар?! Йўқ, улар ишонмаслар!” (Тур, 35-36).

Аллоҳнинг мавжудлигини исботлайдиган далиллардан яна бири, Аллоҳнинг дуоларни ижобат қилиши, осмонлар ва Ерни мукаммал ва пухта яратилганидир. Аллоҳ таоло деди: «Албатта, осмонлар ва Ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун (бир Яратувчи ва бошқариб тургувчи Зот мавжуд эканлигига) оят-аломатлар бордир” (Оли Имрон, 190). “Ҳамда ўзларингизда (Аллоҳнинг қудратига далолат қиладиган оят-аломатлар бордир). Ахир кўрмайсизларми?!” (Зориёт, 21).

Шунингдек, юлдузлар, тоғлар, ҳайвонлар ва бошқа мавжудотларнинг яратилишида ҳам Аллоҳнинг борлигини кўрсатадиган далиллар бор. Буларнинг барчаси Яратувчининг бемисл санъатига далил бўлади. Аллоҳнинг уфқларда, нафсларда ва мева-чеваларда барқарор бўлган оят-аломатлари якка, ягона Яратувчи илоҳнинг мавжудлигини кўрсатади. Бу мавжудотларнинг яратилиш мақсади ва ғояси бўлиши керак, бу мақсад – ёлғиз Аллоҳга ҳеч нарсани шерик келтирмасдан ибодат қилишдир.

Болага бу мавзуга тааллуқли бўлган Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳақидаги воқеани айтиб беришимиз мумкин. Баъзи одамлар Абу Ҳанифадан рубубият тавҳидини исботлаб беришини сўрашди. «Бу масалага киришдан олдин Дижла дарёсидаги бир кема ҳақида нима дейсизлар? У ўз-ўзидан кетяпти, устини озиқ-овқат, юк ва бошқа нарсалар билан тўлдириляпти ва ўз-ўзидан орқага қайтяпти. Қирғоққа келиб лангар ташлаб, юкларни тушириб, яна қайтиб кетяпти. Буларнинг ҳаммаси кемани бошқарадиган бирон киши бўлмаган ҳолатда бўляпти». Улар: «Бу асло бўлиши мумкин эмас», дедилар. Шунда Абу Ҳанифа уларга: «Агар бу бир кемада имконсиз бўлса, бутун бу олам қандай қилиб ўзини-ўзи бошқариши мумкин?!» деди. Демак, бу мукаммал коинотнинг яратувчиси бўлмаслиги мумкин эмас экан.

Яна болага шуларни айтиш мумкин: «Қорнинг очқаганда, очликни қондириш учун беихтиёр бирон егулик қидирмайсанми? Чанқаганингда, чанқоғингни қондирадиган нарса изламайсанми? Бирон ёқимли ҳидни ҳис қилсанг, кўнглинг яйрамайдими? Аксинча, ёқимсиз ҳид келганда ўзингда нимани ҳис қиласан? Атиргулларга, гулларга, осмонга ва атрофимиздаги табиатга қараганингда, бахт ва хушнудликни ҳис қилмайсанми? Худди шунингдек, ҳар доим эҳтиёжимиз бўлганда унга мурожаат қиладиган буюк илоҳга муҳтож эканлигимизни беихтиёр ҳис қиламиз. Чунки хотиржам, тинч-омон ва хавфсиз бўлишни хоҳлаймиз. Бирон танглик ва ғамгинликни ҳис қилганда, беихтиёр Аллоҳга дуо ва илтижо қиламиз. Ўзимизни бахтиёр ҳис қилсак, бунинг учун Унга ҳамд айтамиз.

          Аллоҳ биз каби эшитади, кўради ва гаплашадими?

Албатта, Аллоҳ гапиради, эшитади ва кўради. Бу ҳақда Аллоҳ шундай деган: «(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), дарҳақиқат, Аллоҳ сиз билан ўз эри ҳақида баҳслашаётган (аёл)нинг сўзини эшитди” (Мужодала, 1). «(Аллоҳ) айтди: «Қўрқманглар. Шак-шубҳасиз, Мен сизлар билан биргаман – эшитиб, кўриб турурман” (Тоҳа, 46). «Албатта, У зот қилаётган амалларингизни кўриб тургувчидир” (Ҳуд, 112).

Лекин Аллоҳнинг гапириши, эшитиши ва кўриши, бизнинг гапиришимиз, эшитишимиз ва кўришимизга ўхшамайди. Чунки Аллоҳ халқларидан бутунлай бошқачадир. Масалан, У товушлар қанчалар паст бўлса ҳам эшитади, нарсалар қанчалар узоқда бўлса ҳам кўради. Аллоҳ ҳамма нарсани эшитади ва кўради. Лекин Унинг эшитиши ва кўриши махлуқотнинг эшитиши ва кўришига ўхшамайди. Чунки махлуқотнинг бу сифатларида нуқсонлик ва заифлик бордир. Аллоҳ таолога «Бирон нарса ўхшаш эмасдир. У эшитгувчи ва кўриб тургувчидир” (Шуро, 11).

Бу ўринда қилинадиган энг яхши нарса, бу масалани бевосита бир хатти-ҳаракатга боғлашдир. Масалан, болага: «Аллоҳ таоло эшитиб, кўриб турар экан, Уни рози қилмайдиган нарсаларни гапиришимиз ва У ёқтирмайдиган ҳолатда кўринишимиз бизга ярашадими?!» – деб жавоби ичида бўлган савол беришимиз мумкин.

          Аллоҳ очқайдими, чанқамайдими?

Аллоҳ таолонинг бутун сифатлари мукаммал бўлиб, биронта нуқсонли сифати йўқдир. Очлик ва чанқоқ заифликнинг кўрсаткичларидир. Заифлик сифатини Аллоҳга нисбатлаш жоиз эмас. Қолаверса, Аллоҳ таом ва ичимликка муҳтож эмас. Чунки Аллоҳ ҳамма нарсанинг яратувчиси бўлиб, ҳеч нарсага муҳтож эмас. Агар бирон нарсага муҳтож бўлганда эди, илоҳ бўлиши тўғри бўлмасди. Аллоҳ еб-ичмайдиган, таом ва ичимликка муҳтож бўлмаган беҳожат – Сомаддир. У буларнинг ҳаммасидан беҳожатдир. Лекин бутун махлуқот Унга муҳтож бўлиб, Аллоҳнинг уларга ризқ бериши, таомлантириши ва эҳтиёжларини қондиришини умид қиладилар.

Шунингдек, болага Яратувчи билан яралганларни таққослаш ўринсиз эканини бир савол билан тушунтиришимиз мумкин. Масалан, биз ясаган ва ижод қилган ҳамма нарсаларнинг хусусиятлари ва кўринишлари бизникига ўхшаш бўлиши шарт эмас, шундай эмасми? Юқоридаги саволни берган фарзандимизга шундай дейишимиз мумкин: «Рухсатинг билан сендан бир савол сўрай: «Велосипедни ким ясаган?» У: «Велосипед ишлаб чиқарувчиси», деб жавоб беради. Аъло, кел ўғлим, биргаликда тасаввур қилайлик. Велосипед тилга кириб, ихтирочисидан: «Сен нима ейсан? Нима ичасан?» – деб сўраса, унга нима деган бўлардинг? Мен айтардимки: «Сенга нима, бу сенинг ишинг эмас. Билган тақдирингда ҳам сенга нима фойдаси бор? Буни билиш сенинг асосий вазифанг бўлган тез ва бузилмасдан юришингга фойдаси йўқку!», дейман. Худди шундай, Аллоҳ бизни ҳам аниқ бир вазифа учун яратди: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим”, деди (Зориёт, 56).

Аллоҳнинг еб-ичиши ҳақидаги саволлар бизга фойда келтирмайди ва бизнинг асл вазифамизни бажаришимизда ҳам ёрдам бермайди, аксинча, улар бизни вазифаларимиздан чалғитадиган нарсалар билан ақлимизни банд қилади. Энда бояги тасаввуримизга қайтсак, велосипед қачон бизга мурожаат қилиши мумкин, қачон бизга эҳтиёжи тушади? Бузилиб қолганда, бизга мурожаат қилади, тўғрими? Биз ҳам Аллоҳга савол билан эмас, Унга қуллик қилишда заифлашиб қолганимизда ёки бирон-бир зарарга мубтало бўлганимизда Аллоҳга дуо ва илтижо билан мурожаат қиламиз.

Аллоҳнинг кучи қанча?

Агар биз чегараланган бир куч ва қудрат ҳақида гапираётган бўлсак, демак, биз нуқсонли бир сифат ҳақида гапираётган бўламиз. Чунки кучнинг тугаши, кучсизликнинг бошланиши демакдир. Кучсизлик эса Аллоҳга нисбатланмайди, чунки У мутлақ куч эгасидир. Унинг қудрати чексиз ва Уни ожиз қолдирадиган ҳеч нарса йўқдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: «Аллоҳ ҳар нарсага қодир зот эканини билмадингизми?» (Бақара, 106).

Аллоҳ таоло бирон нарсани хоҳлаганда унга: «Бўл!», дейди, у ўша заҳоти юзага келади. Аллоҳ ҳар ишга қодирдир, чунки У ҳамма нарсанинг яратувчисидир. У зотни на осмондаги ва на Ердаги бирон нарса ожиз қолдирмайди. Чегараланган қудрат эса махлуқотлардаги қудратдир, чунки у яратилгандир. Лекин Яратувчининг қудрати эса чексиз ва нуқсонсиздир. Шунинг учун ибодат, сўраш ва дуо қилинишга энг ҳақли ва лойиқ бўлган зот ёлғиз Аллоҳдир. Чунки ёлғиз Аллоҳ таологина бутун махлуқотнинг эҳтиёжларини қондириш, уларга ризқ бериш, сўраганларини рўёбга чиқариш ва уларнинг барча ишларини бошқаришга қодирдир.

          Аллоҳ қаерда? У каттами?

Бола ўзини Аллоҳ таоло яратганини, Аллоҳ болаларни яхши кўришини ва унга жуда кўп неъматларни берганини кичиклигиданоқ ўрганган бўлса, энди унга Аллоҳнинг осмонда эканини шарҳлаб бериш мумкин. Аллоҳ бу ҳақда бундай деган: «(Эй Макка кофирлари,) ё сизлар осмондаги Зотдан қўрқмайсизларми?!» (Мулк, 16). Демак, Аллоҳ таоло осмонда экан, аммо Унинг илми ҳамма жойдадир. Аллоҳ таоло деди: «Сизлар қаерда бўлсангизлар, У сизлар билан биргадир» (Ҳадид, 4).

“Аллоҳ ҳамма жойдадир”, дейиш тўғри эмас. Чунки бу, Аллоҳ ҳамма нарсанинг ичида мавжуд деган маънони билдиради. Бу нотўғри. Биз суннатда келган нарсани олишимиз лозим. Имом Муслимнинг ривоятида келган ҳадисда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жориядан: «Аллоҳ қаерда?» – деб сўрадилар. У: «Осмонда”, деб жавоб берди. У зот: «Мен кимман?» – дедилар. У: «Сиз Аллоҳнинг расулисиз», деди. Шунда у зот унинг хўжайинига: «Уни озод қилавер, чунки у мўмина экан», дедилар (Муслим, 537).

Аллоҳ таоло осмонда бўлишига қарамай, бизни ҳамма жойда кўради ва эшитади. Аллоҳ таолонинг ҳар доим бизни кўриб туришини болага мунтазам эслатиб туриш, бола қалбида ўзини назорат қилиш механизмини пайдо қилади.

Аллоҳнинг катталигига келсак, Аллоҳ таоло махлуқотларидан бирон нарсага қиёсланмайди. Бирон нарса улкан бўлса, албатта унинг яратувчиси ундан каттароқ бўлади. Тоғларни майда зарраларга айлантира оладиган, денгизларни тўлқинлантирадиган, сувнинг ерга шимилиб кетишини буюрадиган зот Аллоҳ таолодир. Бу борлиқдаги ҳар бир ҳодиса фақат Аллоҳнинг буйруғи ва хоҳиши билан рўй беради. Шубҳасиз, Яратувчининг махлуқотларга эҳтиёжи йўқ. Осмон Аллоҳнинг махлуқотларидан бири бўлгани учун, Аллоҳнинг борлиги осмонларга боғлиқ эмас, Унинг осмонларга эҳтиёжи йўқ. Чунки Аллоҳ ҳамма нарсадан беҳожатдир.

          Аллоҳ бизни кўради-ю, нимага биз Уни кўролмаймиз?

Аллоҳ таоло бизга бу дунёда берган кўриш қобилияти кучсиз бўлиб, кўп нарсаларни кўролмайди. Биз кичик нарсаларни кўриш учун микроскоп ва лупаларни ишлатамиз. Модомики, инсон яратилган нарсалардан баъзиларини кўролмас экан, Аллоҳ таолони кўролмаслиги турган гап. Дунёда инсонга берилган кўриш қобилиятининг кучи Аллоҳни кўришга етмайди. Демак, биз Аллоҳни кўра олмаймиз, лекин Унга иймон келтирамиз, Унинг раҳимли эканига, бизни яхши кўришига, ҳамма нарсага қодир ва кучлилигига, ҳамма нарсани билиб туришига иймон келтирамиз. У ҳозир биз У ҳақида гаплашаётганимизни ҳам билиб турибди. Албатта, Аллоҳ биздан жудаларда юқоридадир, шу сабабли бир вақтнинг ўзида ҳаммамизни кўра олади. Бунга мисол келтирсак, баланд бинонинг устидаги киши кўчадаги ҳаммани кўриб туради, аммо улар уни кўра олмайди-ку, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳам бизни кўради, бироқ биз Уни кўра олмаймиз. Шунингдек, биз кўра олмайдиган, лекин бор бўлган жуда кўп нарсалар бор. Болага: «Бизнинг кўзларимиз ҳамма нарсани кўра олмайди, масалан, товушни эшитсак ҳам, уни кўролмаймиз. Ҳавони ҳис қилсак ҳам, уни кўра олмаймиз. Шунингдек, кўзларимиз бу дунёда Аллоҳ таолони кўролмайди, лекин жаннатда Аллоҳни кўрадиган кўзларимиз бўлади, иншааллоҳ. Шунинг учун Аллоҳ таоло бундай деган деймиз: «Кўзлар Уни идрок қила олмайди. У кўзларни идрок қилади! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) огоҳ Зотдир» (Анъом, 103).

          Аллоҳ бунча одамларни ҳаммасини қандай кўради?

Бу саволга илмий жавоб бериш учун болани олиб, кўча бўйида туриб, одамларни кузатамиз ва унга: «Одамларни кузат ва менга уларнинг сонини айт. Мен ҳам сен билан бирга санайман”, дейсиз. Кейин иккинчи қаватга чиқиб, одамларни кузатиб, кўрганларини санатинг. Сўнгра бир бинонинг устига чиқиб, кўрганларини санатинг. Кейин уни одамлар янада аниқроқ ва бемалол кўринадиган жойга олиб боринг. Бу мисол орқали унга инсонларнинг чегараланган ўлчови билан нарсаларни қиёслаб бўлмаслигини тушунтиринг ва Аллоҳнинг қудрати барча махлуқотларнинг қудратидан буюк ва улуғ эканини айтинг. Шу тариқа ҳар доим боланинг миясига «Аллоҳ ҳар нарсага қодир зот эканини” (Бақара, 106) қуйиб борамиз.

Бу мавзуда болага ҳиссий бир савол беришимиз мумкин: «Сенингча чумоли бизни тўлиқ кўрадими ёки соямизни кўрадими ёхуд фақат тасаввур қиладими?». Бола: «Чумоли фақат оёқ бармоғимизни жуда кичкина жойинигина кўради. Бармоғимиз унга нисбатан катта тоғдек ҳисобланади», деб жавоб беради. Яхши, чумоли тилга кириб сендан: «Бизни ҳаммамизни бир вақтнинг ўзида қандай кўрасизлар?”, деб сўраса, «Бу оддий нарса-ку”, деб жавоб берган бўлардинг, шундайми? Мана шу Аллоҳ сенда яратган қудратдир. Чумолининг қудрати эса чегараланган. Шунингдек, бир ковакда чумолиларнинг бир қанча инлари бор, сен бу жойларни бир вақтнинг ўзида бемалол кўра олсан, лекин чумолининг қудрати чегараланган, у сен кўрган ҳар нарсани кўра олмайди. Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг бирон нарсага ўхшамаслиги ва Унинг ҳар нарсага қодирлигида ҳамфикр эканмиз, бизнинг чегараланган қудратимиз билан Аллоҳга нисбатан оддий бўлган нарсаларни сўрашимиз муносиб эмас. Зеро, Аллоҳнинг қудрати барча махлуқотнинг қудратидан буюк ва улуғдир, чунки «Аллоҳ ҳар нарсага қодир зотдир” (Бақара, 106).

          Аллоҳ инсонларни қоронғуда кўра оладими?

Болага кечаси дурбин билан кўрадиган қуруқликдаги аскарлар акс этган филмлардан бирининг саҳнасини томоша қилдиришимиз, қоронғида кўрадиган баъзи ҳайвонлар ва қушларнинг видео лавҳаларини кўрсатишимиз, шунингдек, у кўрган баъзи филмларни ва у ўйнаган ўйинларни эслатишимиз мумкин. Шунингдек, лазер каби баъзи нурлар бўлиб, жисмларнинг орқасида турган нарсаларга ойдинлик киритишини ва нарсаларни қоронғуда кўришга имкон беришини айтамиз. Буларни айтгандан кейин шундай деймиз: «Кўрдингми, заиф ва оддий инсон ҳам баъзан қоронғуда кўриши мумкин экан. Энди инсонни ва бу мавжудотни барчасини яратган Раббимиз ҳақида нима деб ўйлайсан? Аллоҳ бизга қоронғуда кўрадиган нарсаларни ихтиро қилишга имкон берган экан, буни ўзи қилолмайдими? Ҳолбуки, У энг буюк ва энг қудратли зот бўлиб, Унинг қудратига моне бўладиган ва чеклайдиган ҳеч нарса йўқдир».

          Биз уйимизни ичида бўлсак, эшиклар ва деразалар ёпиқ бўлса, Аллоҳ бизни қандай кўради?

Болага рентген нури орқали олинган тасвирдан бирини кўрсатиб, Аллоҳ таоло яратган инсон ҳам Х-нурлари ёрдамида усти тери ва эт билан қопланган суякни кўришга қодир бўлаяпти. Энди инсонни яратган Раббимиз ҳақида нима деб ўйлайсан? Дарҳақиқат, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло эшик ва деразалари ёпиқ уйларимиз ичида бўлсак ҳам бизни кўриб турибди. Зеро, Аллоҳ бирон нарсага ўхшамайди. Унинг кўриши девор ва бинолар тўсиб қоладиган инсонларнинг кўриши каби эмас. Яратувчи ҳеч қачон яралмиш каби бўлмайди. Аллоҳ таоло ҳар нарсага қодирдир.

Жавобимизни боланинг бир хулқ-атворига боғлашимиз мақсадга мувофиқ бўлади, яъни Аллоҳнинг ҳар доим ва ҳар қандай ҳолатда бизни кўриб туриши болага уқтирилади. Шунда у, Аллоҳнинг доимий равишда кузатиб туришини ва иймоннинг лаззатини ҳис қилади.

          Аллоҳ қандай қилиб барча ишларимизни билади? Ҳамма одамларни қандай кузата олади?

Болага ҳар доим Аллоҳ таолонинг барча сифатлари комил ва гўзал экани, Унинг қудрати чексиз ва ҳар ишга қодирлиги таълим берилади. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ ҳар нарсага қодир зотдир” (Бақара, 106).

Модомики, Аллоҳнинг қудрати чексиз экан, на Ердаги ва на осмондаги бирон нарса Уни ожиз қолдирмайди. Аллоҳнинг қудратини махлуқотларининг қудратига, у қанчалар буюк бўлса ҳам, қиёслашимиз мумкин эмас. Аллоҳ ундан буюк ва улуғдир. Бу масалани болага янада тушунарли қилиш мақсадида видео камерага туширилган тасвирларни мисол қилиш мумкин. Камера обектив доирасида бўлган ҳар бир катта-ю кичик нарсаларни ёзиб олиши ва қайд этиши мумкин. Оддий камерада бу хусусият бор бўлса, Аллоҳ ҳақида нима дейишимиз мумкин?! Аллоҳ энг қудратли зотдир, Унга фақат олий мисоллар ярашади. Аллоҳ таоло барча инсонларни бир вақтнинг ўзида кузатишга қодир, чунки Унинг қудрати чексиздир. Аллоҳ таоло ҳамма нарсани билади ва Унинг илм ҳамма нарсани қамрайди.

Яна бир мисол келтирайлик: катта бир ширкат бор деб фараз қилайлик. Сен унда ишлайдиган ходимларни кузатмоқчисан. Шу сабабдан ходимларга билдирмай маълум жойларга камералар ўрнатдинг. Улар буни билмайдилар, сен эса уларни кўрасан ва ширкатнинг ҳар бир бўлимида бўлаётган ишларни бир вақтнинг ўзида экран орақали кузатиб турасан. Аллоҳ яратган бир заиф банда буни қилишга қодир бўлар экан, банданинг Яратувчиси Аллоҳ барча бандаларини бир вақтнинг ўзида кўришга қодир бўлолмайдими?

          Нимага инсонлар ўлади, Аллоҳ эса ўлмайди?

Ўлим – Аллоҳ таолонинг махлуқотларига тақдир қилган нарсаларидан биридир. Бу ҳақда шундай марҳамат қилган: «Ҳар бир жон ўлим (шарбати)ни тотгувчидир. Сўнгра Ўзимизга қайтарилурсизлар” (Анкабут, 57).

Демак, инсоннинг ўлими Охират ҳаётининг бошланғичидир. Охират ҳаёти дунё ҳаётидан муҳимроқдир.

Шубҳасиз ўлим, яратилган дунё ҳаётининг заруратларидан бири бўлиб, заифликнинг кўрсаткичидир. Заифлик эса Аллоҳда бўлмайди. Зеро, Аллоҳ яралмади ва ҳеч қачон ўлмайди. Инсон эса яралган ва ўлади. Албатта, Аллоҳ таолонинг ҳаётлиги бизники каби эмас. Бизнинг ҳаётимиз ўлим билан тугайди ва ҳар бир яралмиш албатта ўлади, охирида фақат Аллоҳ азза ва жалла қолади. Чунки Аллоҳ таолонинг ҳаёти комил ҳаёт бўлиб, барча мукаммал сифатларининг давом этиши учун лозимдир. Бу камол сифатларининг энг муҳими ўлмайдиган тирик бўлиш сифатидир.

          Мен Аллоҳни яхши кўрганимдек, У ҳам мени яхши кўрадими?

Аллоҳ таоло гуноҳларни кечирувчи меҳрибон бўлиб, покиза, тўғри сўз ва самимий мўминларни яхши кўради. Бу ҳақда шундай деган: «Аллоҳ уларни яхши кўрур, улар ҳам Аллоҳни яхши кўрурлар” (Моида, 54).

Аллоҳнинг бандаларини яхши кўришининг аломатларидан: Аллоҳ уларни неъматлар билан сийлайди, уларни ҳар турли балолардан асрайди, ишларини бошқаради, уларга ризқ беради ва гуноҳларини мағфират қилади. Ҳар биримиз Аллоҳнинг лутфи ва карамини ҳис этамиз. Аллоҳ таоло итоат қилган, солиҳ амаллар билан яқинлашган, Унинг муҳаббатига эришиш сабабларини ушлаган, намозларини муҳофаза қилган, ота-онасига яхши муомалада бўлган, одамларга яхшилик ва эҳсон қилган, ростгўй, Қуръон ўқийдиган, зикрларни айтиб юрадиган бандаларини яхши кўради. Ким юқорида айтилган ва улардан бошқа солиҳ амалларни қилса, Аллоҳ таоло уни яхши кўради.

Back to top button